Бугун юртимизда инсон қадри, эркинлиги, бахт-саодати, тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш, инсонийликнинг барча тамойилларини юзага чиқариш учун керакли шарт-шароитлар яратилган. Бу эса “Давлат – инсон учун” тамойилининг амалдаги ифодасидир. Зеро, инсон ва унинг бахт-саодатига, халқ манфаатларига хизмат қилиш инсонпарварликнинг асосий мезони саналади. Мамлакатимизда “Инсон қадри учун” деган эзгу тамойилни тўла рўёбга чиқариш, Конституция ва қонун устуворлигини, ҳар бир фуқаронинг тинч ва хавфсиз ҳаёт кечиришини таъминлаш амалга оширилаётган ислоҳотларнинг туб моҳиятини ташкил этади ва давлатимиз сиёсатида муҳим аҳамиятга эга.
Мана шундай ислоҳотларни келгуси беш йилликда ҳам давом эттириш, уларнинг узвийлигини таъминлаш мақсадида “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” тамойили асосида Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ишлаб чиқилди. Ушбу стратегиянинг Миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда умумбашарий муаммоларга ёндашиш деб номланган VI йўналишида бир қатор вазифалар асосий мақсад қилиб белгилаб берилган. Мазкур йўналишида белгиланган вазифаларнинг 87 мақсади “Ватандошлар” жамоат фонди орқали хорижий давлатлардаги юртдошларимиз билан доимий ва самарали алоқалар ўрнатиш асосий вазифа сифатида белгиланган.
Маълумки, 2021 йил 11 августда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ватандошлар” жамоат фондини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори имзоланган эди. Мазкур тарихий қарордан кўзланган асосий мақсад, Фонд хорижда истиқомат қилаётган юртдошларимизни ўз она ватани атрофида янада жипслаштириш, уларнинг қалби ва онгида юрт билан фахрланиш туйғусини юксалтириш, миллий ўзликни сақлаб қолиш, ватандошлар ва улар томонидан тузилган жамоат бирлашмаларини қўллаб-қувватлаш ҳамда қатор аниқ йўналишларни амалга оширишдан иборат. Қайд этиш жоизки, ўтган давр мобайнида “Ватандошлар” жамоат фонди томонидан бир қатор хайрли ишлар амалга оширилди. Хусусан, “Ватандошлар” жамоат фонди томонидан 1000 дан ортиқ ватандошлар билан ижтимоий тармоқларда ёзишма тарзида мулоқотлар олиб борилиб, уларнинг 300 нафари билан Zoom платформаси орқали онлайн суҳбатлар ўтказилди.
Бундан ташқари, ижтимоий тармоқлардаги саҳифалар орқали ватандошлар иштирокида 30 дан ортиқ тўғридан-тўғри мулоқотлар ташкил этиб келинмоқда. Мазкур мулоқотларда вазирлик, идора ва ташкилотлардан минглаб ёшлар иштирок этишиб, ватандошларнинг қимматли маслаҳатлари асосида ўзларининг тажрибаларини бойитиб боришмоқда.
Хориждаги ватандошлар томонидан ташкил этилган 175 та жамоат бирлашмалари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш мақсадида изчил мулоқотлар олиб борилмоқда. Айни кунгача уларнинг 100га яқини билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилиб уларнинг 35 таси билан ҳамкорлик Меморандумлари имзоланди.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг хорижий давлатлардаги дипломатик ваколатхоналар вакиллари, ватандошлар ҳамда улар томонидан тузилган жамоат бирлашмалари вакиллари иштирокида Ўзбекистондаги муҳим саналарга бағишланган турли маданий-маърифий тадбирлар ва танловлар ўтказилди. Шу билан бирга, Фонднинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида “Кун оиласи”, “Ватандош олимлар”, “Хориждаги ватандош ташкилот” ҳамда “Спортчи ватандош” лойиҳалари ташкил этилган. Бир сўз билан айтганда фаолиятимизнинг келгусидаги асосий эътибори ҳам бу йўналишдаги ишларни янада жонлантиришга қаратилади.
Мансур Мусаев,
“ Ватандошлар” жамоат фонди масъул ходими,
сиёсий фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)