Ушбу хайрли тадбирлар Ўзбекистон Президентининг “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижроси доирасида ўтказилмоқда.
Учрашувлар “Рамазон – меҳр-мурувват, аҳиллик ва шукроналик ойи” деган эзгу ғоя асосида, ўзаро ишонч ва дўстлик муҳитида ўтмоқда. Бундай тадбирлар ўзбек диаспораси ичидаги ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Учрашувларда Ўзбекистондан таклиф этилган имомларнинг маънавий-маърифий суҳбатлари ифторликларга ўзгача шукуҳ бағишламоқда.
Ифторликлар очиқ мулоқот, маҳалла ҳаётидаги долзарб масалаларни муҳокама қилиш, ўзаро ёрдамни кенгайтириш ва саъй-ҳаракатларни бирлаштириш майдонига айланмоқда. Оғир аҳволга тушиб қолган юртдошларимиз ва оилаларни манзилли қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ушбу ишлар тизимли равишда ва Ўзбекистонда жамоатчилик ҳамжиҳатлигини мустаҳкамлаш бўйича олиб борилаётган сиёсатга ҳамоҳанг тарзда амалга ошириляпти.
Ўзбекистоннинг Нью-Йорк шаҳридаги Бош консулхонаси дипломатлари ўтказилаётган ифторлик тадбирларида фаол иштирок этиб, ватандошлар билан доимий мулоқотни қўллаб-қувватламоқда, диаспора вакиллари билан алоқаларни янада ривожлантиришга кўмаклашмоқда.
Рамазон кунлари шунга ўхшаш тадбирлар АҚШнинг ўзбеклар зич яшайдиган бошқа штатларида, жумладан, Огаё, Иллинойс ва Нью-Жерсида ҳам давом эттирилади.
АҚШдаги ўзбек ҳамжамияти томонидан ўтказилаётган бундай форматдаги тадбирлар ўзаро ёрдам тамойилларига содиқликни изчил намойиш этиб, Ватан билан алоқаларни мустаҳкамлаш ва халқ дипломатиясини ривожлантиришга ҳисса қўшмоқда.