Маълумки, ҳар бир халқнинг тили шу давлатнинг тимсоли, мулки, руҳи, маданий ва маънавий бойлиги, қолаверса, шу миллат маданияти, урф-одати, турмуш тарзини ифодаловчи энг муҳим воситадир. Шукрки, мустақиллик шарофати билан она тилимиз, бебаҳо бойлигимиз ўзимизга қайтди. Бу йўлда не-не аждодларимиз заҳмат чекиб, меҳнат қилмаган, умрларини бағишламаган дейсиз.
Маҳмуд Кошғарий, Юсуф Хос Ҳожиб, Аҳмад Югнакий каби алломаларимиз тилимиз қаддини тиклашда фидойилик кўрсатгани тарихдан маълум. Улуғ мутафаккир бобомиз Ҳазрат Алишер Навоий ўзбек тилининг ўз даврида таомилда бўлган бошқа тиллардан асло қолишмаслигини, аксинча энг бой ва қадимий тил эканини асарлари, хусусан, беш достондан иборат “Хамса”си орқали исботлаб берган. Бинобарин, бу тилнинг “Навоий тили” деб аталиши ҳам бежиз эмас.
Ўзбек халқининг ўз қадриятларига содиқлиги туфайли бу тил неча- неча замонлар силсиласида йўқликка юз тутган бошқа юзлаб тиллардан фарқли равишда ҳамон яшаб келмоқда. Ҳозирги вақтда ўзбек тилида сўзлашувчилар сони жаҳон миқёсида 50 миллион кишидан ортади. Бу она тилимизнинг дунёдаги йирик тиллардан бирига айланиб бораётганидан далолат беради. Ва она тилимиз энг бой тиллардан биридир. Буни ўзга миллат вакиллари ҳам доимо эътироф этишади. Масалан, россиялик тилшунос олима А. Козлянина “Ўзбек тили нафис ва мусиқа оҳангидек жозибадор” дейди.
Она тилимизнинг давлат тили мақомига эга бўлиши миллатимизнинг шаъни, обрў-эътиборини юксалтирди. Бир вақтлар халқни маърифатли қилиш учун жон куйдирган, мустабид тузум таъқибига қарамай, “Ўз тилига садоқат – бу ватаний ишдир” дея ортга чекинмаган миллатимиз фидойилари, тилимиз жонкуярлари Абдулла Авлоний, Абдурауф Фитрат, Исҳоқхон Ибрат каби алломаларимиз сўнгги йиллардаги ўзгаришлардан, албатта, қувонишган бўларди.
Чунки мамлакатимизда она тилимиз қадри ва нуфузини янада ошириш борасидаги сиёсат ва амалий ишлар янги босқичга кўтарилди. Бунинг тасдиғини қабул қилинган тарихий фармон ва қарорлар мисолида яққол кўриш мумкин. Бугунги сананинг “Ўзбек тили байрами куни” сифатида белгиланиши ва ҳар йили кенг миқёсда нишонланиши халқимизни беҳад қувонтирди. Буни, албатта, қадрлашимиз, она тилимизни кўз қорачиғидай асрашимиз зарур. Зеро, Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганларидек, “Ҳар биримиз давлат тилига бўлган эътиборни мустақилликка бўлган эътибор деб, давлат тилига эҳтиром ва садоқатни она Ватанга эҳтиром ва садоқат деб билишимиз, шундай қарашни ҳаётимиз қоидасига айлантиришимиз лозим”.
Бу ҳаммамиз учун қатъий шиор ва аҳдга айланиши зарур.
Албатта, она тилимизнинг софлигини сақлаш, уни асраб-авайлашда бошқа соҳа вакиллари қатори маданият ходимларининг ҳам зиммасида масъулият катта. Жаҳон саҳналарида янграётган мақом ашулаларимиз, миллий рақс, куй-қўшиқларимизда жонажон тилимизнинг жозибаси янада ёрқин намоён бўлмоқда. Ахир олам аҳлини ўзига жалб этаётган “Шарқ тароналари”, Халқаро бахшчилик санъати, “Бойсун баҳори” фестивалларида янграётган сеҳрли наволар шу бебаҳо тилимиз жозибаси туфайли эмасми?!
Ва бир жиҳатга алоҳида аҳамият қаратиш керакки, бизнинг тил сиёсатимизда асло бошқа тилларни камситишга йўл қўйилмайди. Аксинча, Ўзбекистондаги бағрикенглик сиёсати туфайли, ҳозирда юртимизда ягона оила бўлиб яшаётган 130 дан зиёд миллат ва элат вакилларига ўз она тили, урф-одат ва қадриятларини ривожлантириши учун ҳамма шарт-шароитлар яратилмоқда. Миллий маданий марказлар айни шу мақсадга хизмат қилмоқда. Бундай сиёсат халқаро ҳамжамият томонидан ҳам доимо эътироф этилади.
Таъкидлаш жоизки, ҳар бир ишда кўзланган мақсадга эришиш учун ҳамжиҳатлик катта аҳамият касб этади. Шу маънода, ўзбек тили жонажон Ватанимизда яшаётган барча фуқароларимиз учун азиз ва қадрли тилга айланиши, унинг жозибадорлигини ошириш учун ҳаммамиз биргаликда ҳаракат қилишимиз, ислоҳотларни ўзимиздан бошлашимиз, тилимиз учун жон куйдиришимиз зарур. Бунда дахлдорлик туйғуси жуда муҳим ўрин тутади. Яъни тилимизга бўлган ҳурматимиз уйда, кўчада, жамоат жойларида, ўқув-таълим муассасаларида яққол сезилиши, сўзлашув маданиятимизда ўз ифодасини топиши шарт.
Фурсатдан фойдаланиб, барчангизни “Ўзбек тили байрами куни” билан самимий муборакбод этаман. Миллатимиз кўзгуси – она тилимиз дунё тургунча яшасин! Шундай бебаҳо бойлик соҳиби бўлган азиз халқимиз омон бўлсин!
Озодбек Назарбеков,
маданият вазири