Сўнгги йилларда мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда туб ислоҳотлар изчиллик касб этяпти. Жумладан, 30 июнь юртимизда Ёшлар куни этиб белгилангани йигит-қизларга ўзига хос ғурур бағишлаш билан бирга, уларни янги марралар сари чорловчи, Ватанимизга садоқатини мустаҳкамловчи беқиёс рағбат бўлди.

2018 йилдан буён мазкур сана муносабати билан июнь ойи анъанавий тарзда “Ёшлар ойлиги” сифатида кенг нишонланмоқда. Жумладан, бу ойни Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ва унинг тизимидаги ташкилотларда фаолият юритаётган мингга яқин ёш ҳам кўтаринки руҳда ўтказмоқда. Мамлакатимизда ветеринария ва чорвачилик ривожига қаратилган юксак эътибор туфайли ёшларнинг ушбу соҳага қизиқиши йил сайин ошаётир. Бу иштиёқ ҳар йили Самарқанд ветеринария медицинаси институтига кириш истагидаги абитуриентлар сони кўпаяётганида ҳам яққол намоён бўлмоқда.

2020-2021 ўқув йилида мазкур институтда 34 та таълим йўналиши ҳамда 14 та мутахассислик бўйича 5 минг 320 нафар, Нукус филиалида 5 та таълим йўналиши бўйича 489 нафар, Тошкент филиалида 497 нафар талаба таҳсил олмоқда. Тугалланаётган ўқув йили бўйича Самарқанд ветеринария медицинаси институтини 566 нафар бакалавр, 67 нафар магистр тамомламоқда.

Хорижий давлатлар (Беларусь Республикаси, Латвия) билан ташкил этилган қўшма дастурлар асосида 95 нафар талаба бакалавриат ва магист ратура бўйича ўқишга қабул қилинди. Илмий изланиш олиб бориш истагидаги ёшлар ҳам тобора кўпаймоқда. Соҳа бўйича ўнга яқин янги илмий ишланма ва инновацион ғоялар амалиётга жорий этилишида шу йигит-қизларнинг ҳиссаси катта. Бу саъй-ҳаракатларни янада жадаллаштириш мақсадида илмий тадқиқотчилик фаолияти алоҳида рағбатлантирилмоқда.

2020-2021 ўқув йилида Самарқанд ветеринария медицинаси институтига 14 нафар таянч докторант, 22 нафар мустақил тадқиқотчи ва 5 нафар стажёр тадқиқотчи, Тошкент филиалига 3 нафар, Ветеринария илмий-тадқиқот институтига 4 нафар, Чорвачилик ва паррандачилик илмий-тадқиқот институтига 3 нафар, Балиқчилик илмий-тадқиқот институтига 1 нафар таянч докторант ўқишга қабул қилинди.

Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларидаги ветеринария хизмати ходимларини халқаро талаблар асосида қайта тайёрлаб, билим ва кўникмаларини ошириш учун Давлат божхона қўмитасининг Божхона институтида 140 нафар мутахассисимиз “Ташқи савдо фаолиятини назорат қилувчи идоралар ходимлари малакасини ошириш курсининг ўқув дастури” лойиҳаси асосида онлайн малака ошириш ўқув курсини якунлаб, тегишли сертификатга эга бўлди.

Президентимизнинг 2020 йил 10 январдаги “2020-2022 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, ўтган йили Ветеринария илмий-тадқиқот ҳамда Чорвачилик ва паррандачилик илмий-тадқиқот институтида 6,3 миллиард сўмлик мукаммал таъмирлаш ишлари бажарилди.

Шунингдек, юртимизда ветеринария таълимини халқаро даражага олиб чиқиш мақсадида АҚШнинг Миннесота университети билан Самарқанд ветеринария медицинаси институти ўртасида 2020-2023 йилларга мўлжалланган умумий қиймати 369 минг АҚШ доллари миқдоридаги “Ўзбекистонда ветеринария таълимининг твининг лойиҳаси” амалга оширилмоқда.

Биз яратилаётган имкониятлардан самарали фойдаланган ҳолда, Ватанимиз равнақи йўлида камарбаста бўлишни олий мақсад ва юксак шараф деб биламиз.

Алишер САФАРОВ,

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси бўлим бошлиғи —

раиснинг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси