Бугунги ўзбек ёшлари айнан Муҳаммад Юсуф шеъриятида куйланган Ватан туйғуси, соғинчи, жўшқин ҳаётни тараннум этиш ғоялари асосида улғайган, десак ҳеч қандай муболаға бўлмайди. Шоир ўз юртини чинакамига севар эди ва ҳар бир қаричини муқаддас деб биларди.

Муҳаммад Юсуфнинг дастлабки шеърлари 1976 йилда “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” ҳафталигида босилган. Шундан бошлаб республика матбуотида унинг шеър, очерк ва мақолалари мунтазам равишда чоп этила бошлади. Илк шеърий китоби — “Таниш тераклар” 1985 йили чоп этилди. Шундан сўнг унинг “Булбулга бир гапим бор” (1987), “Илтижо” (1988), “Уйқудаги қиз”, “Ҳалима энам аллалари” (1989), “Ишқ кемаси” (1990), “Кўнглимда бир ёр” (1991), “Бевафо кўп экан”, “Ёлғончи ёр” (1993), “Эрка кийик” (1995), “Осмонимга олиб кетаман” (1998), “Улуғимсан, Ватаним” (2004), “Сайланма” (2007), “Халқ бўл элим” (2009) каби китоблари бирин-кетин нашр этилган.

1989 йилда “Уйқудаги қиз” номли шеърий тўплами учун у республика Ёшлар ташкилотининг мукофотига сазовор бўлди. Шоирнинг китобларига кирган шеърларида Муҳаммад Юсуф мансуб бўлган авлоднинг энг олижаноб ва юксак инсоний фазилатлари билан бирга ёшлик сурури, ишқ ва муҳаббатнинг нафис наволари, ўзбекона, содда, айни пайтда эзгу, бокира ва бетакрор туйғу ҳамда кечинмалар орқали ўзининг ёрқин ифодасини топган.

Сўзнинг бадиий имкониятларидан маҳорат билан фойдаланиш, мусиқий равонлик, туйғулар тиниқлиги, самимийлик ва майинлик, руҳият манзараларини лўнда ва яққол ифодалай билиш Муҳаммад Юсуф шеърий услубининг етакчи хусусиятларидир. Шу жиҳатдан ҳам халқчил шоирнинг шеърияти ёш авлодни тарибялашда муҳим аҳамият касб этади.

Улуғбек Акромов,

Жамоат хавфсизлиги университети доценти