Ўрганиш мобайнида ишчи гуруҳ туманлардаги ўқув спорт техника клублари (ЎСТК) ходимлари томонидан аҳоли, айниқса, ёшлар орасида ҳарбий-ватанпарварлик тарғиботи, ҳудудларда спортнинг техник ва амалий турларини оммалаштириш, ёшларни касбга тайёрлаш борасида олиб борилаётган ишлар билан танишди.
Ҳусан Ботиров «Ватанпарвар» ташкилотининг Тошкент вилояти кенгаши тасарруфидаги деярли барча муассасалар, жумладан, Бекобод, Бўка, Пискент, Чиноз, Қуйичирчиқ ва Қибрай туманлари ҳамда Бекобод, Нурафшон, Ғазалкент, Ангрен, Оҳангарон, Янгийўл, Эшонгузар ва Келес шаҳарлари ўқув спорт техника клублари асосан аҳолини ҳайдовчилар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ишлари билан машғул бўлиб қолгани танқид остига олди. «Бу муаммо нафақат Тошкент вилоятида, балки барча ҳудудий кенгашларимизда кузатиляпти. Оқибатда бундай ҳолатлар аҳолида «Ватанпарвар» ташкилоти – фақат ҳайдовчиларни тайёрлаш билан шуғулланадиган ташкилот, деган нотўғри тушунчанинг шаклланишига олиб келган», деди Ҳ.Ботиров.
Бундан ташқари, республика миқёсида ташкилот тизимида автокросс, мотокросс, картинг, триатлон, дуатлон, ёзги биатлон, ҳарбий амалий кўпкураш, ҳаво милтиғидан ўқ отиш, авиамодель, ракетамодел, кемамодел, радиоспорт каби спортнинг техник ва амалий турлари йўлга қўйилганига қарамай, Тошкент вилоятидаги аксарият ЎСТКлар ўқ отиш ва ёзги биатлон билан чекланиб қолган. Ангрен шаҳри ўқув спорт техника клубида эса фақатгина картинг йўлга қўйилган. Ҳусан Ботиров вилоятда триатлон ва дуатлон спорт турларини жорий этишга тўлиқ имконият борлигини, бироқ ЎСТКлар раҳбарлари бу борада ҳеч қандай ташаббус кўрсатмаганлигини танқид қилди.

Ҳ.Ботиров 2021 йилги Давлат дастурининг 170-банди ижроси жараёни, жумладан, «Темир дафтар» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган муҳтож оилалар фарзандларини ЎСТКлар таркибидаги ҳайдовчилар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш курсларида бепул ўқитилиши билан боғлиқ ташкилий ишлар жуда суст кетаётганлигини билдирди.
Ишчи гуруҳга, шунингдек, Давлат дастурига мувофиқ, ёшларни талабгор бўлган касбларга бепул ўқитиш бўйича Қибрай тумани ҳамда Ангрен, Олмалиқ ва Келес шаҳарларида ташкил этилаётган туманлараро марказлар бўйича ахборот берилди. Мазкур марказларда фуқаролар 5 хил касбга – вулканизатор, электрик-аккумуляторчи, газ-электр пайвандчи, чилангар, автоэлектрик мутахассисликлари бўйича ўқитилиши мўлжалланмоқда.
Бундан ташқари, Чирчиқ шаҳрида нафақат Тошкент вилояти, балки қўшни Тошкент шаҳри ва Сирдарё вилоятида истиқомат қилувчи фуқаролар юк ортувчи транспорт, автогидро-подъёмник, юк машинаси крани, ғилдиракли трактор, битта ковшли экскаватор бошқаруви бўйича ўқитилиши режалаштирилаётган минтақавий марказ ташкил этилмоқда.
Эътиборлиси, «Темир дафтар» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган фуқаролар юқоридаги касбларга бепул ўқитилиши режалаштирилган.
Ҳ.Ботиров ушбу ўқув курсларини ташкил этиш билан боғлиқ тайёргарлик ишлари ҳам талаб даражасида эмас, дея баҳолади. У бу ишларга масъул ходимларни огоҳлантирар экан, аниқланган камчиликлар тез кунлар ичида бартараф этилмаса, масъул ходимларга қаттиқ таъсирчан чоралар кўрилишини билдирди. «Ўз ишига лоқайдлик ва масъулиятсизлик билан қараган ходимлар кечирилмайди», дея таъкидлади ишчи гуруҳ раҳбари.
«Ватанпарвар» ташкилоти Марказий кенгаши раиси Тошкент вилояти туман, шаҳарларининг бандлик ва меҳнат муносабатлари ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги бўлимларининг масъул ходимлари билан суҳбатда бўлиб, юқоридаги ўқув курсларга «Темир дафтар» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган фуқароларни жалб этиш тартибини муҳокама қилди ва уларга бу борадаги ўз таклифларини билдирди. ЎСТКлар раҳбарларига ушбу масалалар юзасидан туман ва шаҳар ҳокимликларидаги Васийлик кенгашлари билан мунтазам иш олиб боришни топширди.

Хизмат сафари якунида Ҳ.Ботиров «Ватанпарвар» ташкилотининг Тошкент вилояти кенгаши биносида йиғилиш ўтказди. Ишчи гуруҳ раҳбари вилоятда олиб борилаётган ишлар талаб даражасида эмаслигини яна бир бор таъкидлади. Туманлар ва шаҳарлардаги ўқув спорт техника клублари аҳоли, айниқса, ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларни касбга ўқитиш ҳамда спортнинг техник ва амалий турларига жалб этиш борасидаги фаолиятини фавқулодда кучайтириши лозимлигини билдирди. Шунингдек, ўрганиш давомида ЎСТК раҳбарларининг соҳага доир меъёрий ҳужжатлардан хабардорлик даражаси ҳам талабга жавоб бермаслиги аниқланди. Йиғилиш сўнггида жойларда аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва Тошкент вилояти кенгаши фаолиятини такомиллаштириш бўйича масъул шахслар ва муддатлар белгиланди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти Марказий кенгаши раиси Ҳусан Азудинович Ботиров бошчилигидаги ишчи гуруҳ бундан аввал Сирдарё, Сурхондарё, Қашқадарё, Наманган, Андижон ва Фарғона вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида хизмат сафарида бўлганди.
Вилоятлар бўйлаб хизмат сафарлари давом этади.
Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи
«Ватанпарвар» ташкилоти Марказий кенгаши
Матбуот хизмати