Тадбир бошида Ёшлар ишлари агентлиги ва “Ватанпарвар” ташкилотлари ўртасида ёшлар масалалари соҳасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди. Меморандум имзолашда кўзланган асосий мақсад, ёшларни давлат суверенитетини ҳимоя қилиш, Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, улар ўртасида спортнинг техник ва амалий турларини кенг оммалаштириш орқали соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, ёшлар ва муҳтож оилалар фарзандларини турли касбларга тайёрлашда ўзаро ҳамкорлик қилиш ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти раиси Ҳусан Ботиров ўз мурожаати бошида ташкилотнинг тузилиши тарихи, мақсад ва вазифалари ҳамда ташкилот томонидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумот берди. Айниқса, унинг муҳтож оилалар фарзандлари учун ташкилот томонидан амалга оширилиши кутилаётган хайрли иш режаси тадбир қатнашчиларининг олқишига сазовор бўлди. Маълум бўлишича, жорий йилнинг 1 апрелидан республикамиз миқёсида “Темир дафтар” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган муҳтож оилалар фарзандларини “Ватанпарвар” ташкилотининг ўқув муассасаларида “ВС” тоифали ҳайдовчиларни тайёрлаш бўйича бепул ўқитилиши йўлга қўйилади. Ҳ.Ботиров, шунингдек, “Ватанпарвар” ташкилотининг республикамиз ёшлари орасида ҳарбий-ватанпарварлик ҳамда спортнинг техник ва амалий турларини оммалаштиришга доир режалари ҳақида батафсил маълумот берди ва барча ёшларни ушбу машғулотларда фаол қатнашишга чақирди.

Тантанали тадбир давомида “Ватанпарвар” ташкилоти тизимидаги автоспорт, мотоспорт, картинг, триатлон, дуатлон, ёзги биатлон, ҳарбий амалий кўпкураш, ўқ отиш, авиамодел, ракетамодел, кемамодел спорти, радиоспортнинг алоҳида ўрнак кўрсатган бир қатор мураббийлари ва ёш спортчилар сертификат ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

“Ёшлар ижод саройи” ҳовлисида эса тадбир иштирокчилари “Ватанпарвар” ташкилотининг ҳайдовчилар тайёрлашда фойдаланиладиган автомототранспорт воситалари ва спорт техникаларининг намойиши, кўргазмали чиқишларини гувоҳи бўлдилар. Айрим қизиқувчан ёшлар картинг, спорт мотоциклларини спортчилар ва мураббийлар ёрдамида бошқариш имкониятига ҳамда дуатлон, ёзги биатлон, спорт милтиғи ва камондан ўқ отиш имкониятига эга ҳам бўлдилар.
Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи
“Ватанпарвар” ташкилоти Матбуот хизмати