Бу ҳақда пайшанба куни кечқурун Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Эслатиб ўтамиз, Қуйи Чирчиқ, Оққўрғон, Пискент ва Бўка туманларидаги боғча тарбияланувчиларининг оммавий заҳарланиши ҳолатлари ҳақида хабар берган эдик.
Ҳолат нафақат Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, тегишли ташкилотлар назоратига ҳам олинган. Хусусан, ҳудудий ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, маҳаллий ҳокимлик масъуллари билан ҳамкорликда боғчаларнинг айни вақтдаги ҳолати, ошхоналардаги мавжуд шароитлар кўздан кечирилди. Боғча раҳбарлари, тарбиячилар билан яқиндан мулоқот қилинди.
Айни пайтда Қуйи Чирчиқ туманида 12 нафар, Оққўрғон туманида 97 нафар бола шифокорлар назоратида бўлиб, болажонлар саломатлиги барқарор. Тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда эҳтиёт чораси сифатида Пискент ва Бўка туманларидаги МТТ тарбияланувчилари навбати билан шифокорлар назоратидан ўтказилмоқда. Ҳозиргача болалар соғлиғига жиддий хавф соладиган ҳолатлар аниқланмади.
Юзага келган ҳолат ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан назоратга олинган ва тергов жараёнлари бошланган.