Бугунги кунда Самарқанд давлат университети ҳудудида «Самарқанд ёшлар технопарки»ни ташкил этиш бўйича тегишли ишлар амалга оширилмоқда. Ҳозирда «Самарқанд ёшлар технопарки» биносининг 2 қавати ҳамда ертўла қисмлари қуриб битирилган, бинонинг ички қисмига ишлов берилмоқда. Қурилиш ишларининг якуни 2021 йилнинг II чораги этиб белгиланган.

«Самарқанд ёшлар технопарки» фаолиятининг асосий вазифалари бу ҳудудларда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Ёшлар академиясининг фаолиятини ривожлантириш, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, таълим муассасалари, илмий ташкилотлар ва Технологиялар ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш марказлари билан ҳамкорликда ёшларни интеллектуал, илмий, ижодий салоҳиятини оширишдир. Шунингдек, технопаркда ёшларнинг таҳлилий фикрлаш, уларни илмий-тадқиқот ва инновацион фаолиятга кенг жалб этиш, иқтидорли, ташаббускор ёшларнинг ўз интеллектуал салоҳиятини намоён қилиши ва ижтимоий мослашуви учун зарур шароитлар яратилади. Бундан ташқари бу масканда ёшларнинг «стартап» лойиҳаларини ривожлантирилади ва уларни амалга ошириш учун ягона майдон ташкил этилади.

Замонавий талабларга жавоб берадиган малакали кадрларни тайёрлаш, шунингдек, ҳудудларни сифатли, юқори технологияли маҳсулотлар ва хизматлар билан таъминлаш мақсадида илм-фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини чуқурлаштириш долзарб масалалардан бўлиб келмоқда. Технопарк шу масалалар қатори иқтидорли ёшларни ривожланган хорижий мамлакатларнинг нуфузли илмий марказлари, университетлари, технопарклари ва ишлаб чиқариш ташкилотларида малака оширишларига кўмаклашади. Етакчи компаниялар вакиллари, малакали мутахассислар ва экспертлар иштирокида тренинглар ўтказиш, шунингдек, ёшларда амалий кўникмаларни шакллантириш ва ишлаб чиқарувчилар билан инновацион-корпоратив алоқаларни йўлга қўйиш мақсадида илмий-техник конференция, семинар, ўқув курслари ва тренинглар ташкил этилади.

Технопаркда иқтидорли ёшлар томонидан таклиф этилган долзарб йўналишлар бўйича лойиҳаларни саралаб олинади, Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан мавзуга оид грантлар бериш юзасидан эълон қилиб бориладиган танловларга йўналтирилади. Илмий-техник, инновацион ҳамда «стартап» лойиҳаларини амалиётга жорий этиш мақсадида олий таълим муассасаларининг илмий ходимлари, профессор-ўқитувчи ва талабаларини жалб қилинади, деб хабар беради Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати.