Ушбу курс барча учун бепул бўлиб, ўқувчилар тўрт ой давомида малакали устозлардан дарс олади ҳамда эшитишда ва гапиришда нуқсони бор инсонлар билан амалиёт ўтказиш имкониятига эга бўлади.
Университет ташаббуси билан ташкил қилинаётган ушбу офлайн курс имо-ишора тили мутахассислари томонидан олиб борилади.
“Ишора тили инклюзивлик ва хилма-хилликни тарғиб қилишнинг муҳим воситаси ва бу курс одамларга ушбу қимматли маҳоратни ўрганишга ёрдам беради”, деди очилиш маросимида Вебстер университетининг ижрочи директори Расул Раҳмонов.
Курс имо-ишора тилини ўрганиш ёки кўникмаларини ошириш истагида бўлган одамларга мўлжалланган бўлиб, ўқитувчилар маъруза, кўргазмали ва амалий машғулотлардан фойдаланган ҳолда ўқувчиларнинг малакасини оширишга ёрдам беришади. Шунингдек, курс имо-ишора тилининг асосий луғати, грамматика ва синтаксис каби бир қатор мавзуларни ўз ичига олади. Қолаверса, тингловчилар бепул дарсликлар билан ҳам таъминланади. Яна бир эътиборга молик жиҳати шундаки, ўқувчилар фақат назарий билимлар билан чекланиб қолмай, гапиришда ва эшитишда нуқсони бор инсонлар билан мулоқот қилиш орқали амалиёт олиб бориш имкониятига эга бўлади.
Тошкент шаҳридаги Вебстер университети ректори Вассилис Полименис барча меҳмонларни ушбу махсус курснинг очилиши билан табриклади ва Вебстер таълимнинг барча турларини ривожлантиришда доим ўз ҳиссасини қўшиб боришидан фахрланишини таъкидлаб ўтди.
Ўқув курсини мувафаққиятли якунлаб, якуний назоратни топширган иштирокчиларга “Имо-ишора тили ва сурдотаржимонлик” ўқув курсини тамомлаганлик ҳақида сертификат тақдим этилади. Курс давомида нафақат имо-ишора тилининг келиб чиқиши ва маданияти билан яқиндан танишиш ҳам ўқувчилар учун янги имкониятлар эшигини очади.