Учрашувда маданий-гуманитар, хусусан, мусиқа, музей, илмий ва спорт соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари, шунингдек, Ўзбекистон ва Австрия шаҳарларида биргаликда тадбирлар уюштириш режалари атрофлича муҳокама қилинди.
Элчи Австрия томонига республика раҳбарияти томонидан Ўзбекистон тарихини авайлаб асраш ва миллий маданият ҳамда санъатни тарғиб қилишга қаратилаётган алоҳида эътибор ҳақидаги батафсил маълумотларни ўртоқлашар экан, мамлакатимизда ўтказилаётган халқаро маданий тадбирлар, танлов ва фестивалларга алоҳида урғу берди.
Таъкидланганидек, «Шарқ тароналари» (Самарқанд), «Мақом» (Шаҳрисабз), «Ипак ва зираворлар» (Бухоро), «Гуллар фестивали» (Наманган), «Халқаро заргарлик ва зардўзлик фестивали» (Бухоро) ва бошқа халқаро тадбирлар жаҳон маданий ҳамжамияти орасида тобора оммалашиб бормоқда.
Суҳбат чоғида томонлар Ўзбекистон Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси билан ҳамкорликда Вена Давлат операсида «Лазги - қалб ва муҳаббат рақси» миллий балетини саҳналаштириш масаласини муҳокама қилдилар.
Ўзбекистон ва Австрия халқларини икки мамлакат миллий кинематографиясининг энг сара асарлари билан яқиндан таништириш мақсадида икки мамлакат пойтахтларида Австрия ва ўзбек киноси кунларини ўтказиш имкониятлари хусусида ҳам фикр алмашилди.
Бундан ташқари, Европанинг маданий пойтахтида мамлакатимиз санъатининг салоҳиятини очиб бериш мақсадида Жаҳон музейида Игор Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейи экспонатлари кўргазмасини ташкил этиш масаласи ҳам кўриб чиқилди.
Австрия ташқи ишлар вазирлиги департаменти директори Тереза Инжайн Ўзбекистон томонининг Венада қатор маданий тадбирларни ташкил этиш бўйича таклифларини қўллаб-қувватлар экан, маданий-гуманитар алмашув орқали икки мамлакат халқларини яқинлаштириш учун зарур бўладиган кўмакни кўрсатишга ҳамиша тайёр эканлигини билдирди.