Биринчи аппарат Меркурийни, иккинчиси эса Қуёшни ўрганиш учун юборилган эди. Бироқ иккала аппарат ҳам Венеранинг яқинидан учиб ўтди. Аппаратлар 2021 йилнинг августида бир кунлик фарқ билан мазкур сайёранинг яқинидан учиб ўтди. Улар томонидан юборилган маълумотлар магнит майдонисиз сайёрада қандай қилиб атмосфера бўлиши мумкинлигини тушуниш имконини беради.

Маълумки, Венера Қуёш шамолидан ҳимоя қиладиган магнит майдонига эга эмас. Назарий жиҳатдан бундай ҳолатда Қуёш нури атмосферага тўлиқ таъсир ўтказиши керак. Бироқ бундай ҳолат юз бермайди.

Янги тадқиқотлар Венера атрофида индукцияланган магнит майдони шаклланганини кўрсатди. У Қуёш шамоли ҳамда зарядланган заррачаларнинг ўзаро таъсирга киришиши натижасида юзага келган.

“Зондларнинг кузатувлари зарядланган заррачалар Венера атмосферасини Қуёш шамоли эрозиясидан ҳимоя қилган ҳолда мазкур жойда секинлашиши ҳақидаги экспериментал далилларни тақдим этди”, дея маълум қилди олимлар.

Мазкур далиллар Қуёш тизимидан ташқаридаги сайёраларни тадқиқ қилишда муҳим аҳамиятга эга. Улар магнит майдонига эга бўлмаган сайёралар атмосферага эга ва назарий жиҳатдан уларда ҳаёт мавжуд бўлиши мумкинлигидан далолат беради, деб хабар беради mir24.tv.