Мулоқот аввалида Ботир Зарипов элчига кўҳна ва боқий Бухоро, Буюк Ипак йўлида жойлашган кўп минг йиллик тарихига эга шаҳар ўтмиши, азалий миллий қадриятлари ҳақида атрофлича маълумот берди. Икки давлат ўртасидаги ўзаро тенг манфаатли савдо-иқтисодий, маданий-маърифий, илмий-инновацион ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, чунончи, Бухорода венгриялик тадбиркорларга бизнес лойиҳаларини эмин-эркин амалга оширишлари учун қулай инвестицион муҳит яратиб берилаётгани эътироф этилди.
Ўз навбатида, самимий қабул учун миннатдорлигини изҳор қилган жаноб Дьюла Ковач янги босқичдаги муносабатлар 2016 йил март ойидан, яъни Ўзбекистонда Венгрия Республикаси элчихонаси очилганидан сўнг икки давлат ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг мустаҳкам ҳуқуқий базаси яратилгани, ўзаро алоқаларнинг кенгайишида парламентлараро ҳамкорлик ва икки мамлакат қонун чиқарувчи органларида ташкил этилган дўстлик гуруҳлари муҳим аҳамият касб этаётганини билдирди.
Хусусан, давлатлараро ўзаро алоқаларда савдо-иқтисодий муносабатлар, сармоялар олиб кириш устунлик қилмоқда. Замонавий қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, фармацевтика ва туризм соҳасидаги алоқалар кенгаймоқда. Иқтисодиётнинг бошқа соҳаларида қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда. Венгрия етакчи компанияларининг илғор тажрибаси ва замонавий технологияларини жорий этган ҳолда қўшма инвестиция лойиҳаларини илгари суриш ҳамда уларни молиялаштиришга алоҳида эътибор кучаймоқда.
Шунингдек, Венгриянинг фармацевтика компаниялари орқали Ўзбекистонга Европанинг сифатли дори-дармон ва тиббиёт жиҳозларини ишлаб чиқариш саноати кириб келмоқда ҳамда жаҳон бозорида рақобатбардош дори-дармон маҳсулотлари ишлаб чиқариш, фармацевтика саноатини янада ривожлантириш учун катта имкониятлар вужудга келмоқда. Бинобарин, бугун мамлакатимизда Венгрия сармоядорлари иштирокида қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик соҳасида, меҳмонхона хўжалиги, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, улгуржи савдо йўналишларида 10 та корхона фаолият юритмоқда. Ўтган йили Венгрия Бош вазирининг расмий ташрифи доирасида Тошкент шаҳрида икки мамлакат Ишбилармонлар кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтгани, унда Венгриянинг 40 га яқин компания ва молиявий тузилмалари раҳбарлари қатнашганлиги албатта, ўзаро иқтисодий ҳамкорлик истиқболидан далолатдир.
Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги билан ҳамкорликда умумий қиймати 2 миллион еврога тенг ўзбек-венгер стартап танловини ўтказиш, умумий қиймати 2 миллион евро бўлган қўшма илмий лойиҳалар танловини ташкил этиш ва “Hungaricum” стипендия дастури квоталарига PhD талабалар учун қўшимча 70 та ўрин ажратиш лойиҳалари ишлаб чиқилган. Венгрия қишлоқ хўжалиги ва табиий фанлар университетида 20-25 нафар қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритувчи ўзбекистонлик ёш тадқиқотчи ҳамда олимларнинг малакасини ошириш имкониятлари кўзда тутилган. Шунингдек, Венгриянинг “яшил”иқтисодиёт соҳасида фаолият юритувчи компаниялари билан ҳамкорлик ривожлантирилмоқда.
Вилоят раҳбари Венгрия элчисига вилоят қишлоқ хўжалиги агрокомплексидаги фаолият, эришилаётган ютуқлар тўғрисида маълумот берар экан, боғдорчилик ва мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш, сақлаш, қайта ишлаш, қадоқлаш, экспорт қилишда яқин ҳамкорлик истиқболларига, шунингдек, қадимий шаҳарда сайёҳликни ривожлантириш, маданий соҳаларда янги лойиҳалар рўёбига ишонч билдирди.
Ташриф давомида элчи Бухоронинг дииқатга сазовор жойлари, тарихий обидалари, муқаддас қадамжоларини зиёрат қилди.
Бухоро вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати