Шу тариқа, вазир Воитов Венгриядаги энг йирик товуқ гўшти ишлаб чиқариш корхоналаридан бири «Master Good Kft.» раҳбари Лазло Бараньи билан музокаралар ўтказди ва мазкур корхонанинг ишлаб чиқариш мажмуасига ташриф буюрди.
Компания 1994 йилда ташкил этилган ва бугунги кунда унинг 2 000 нафар ходими бор. «Master Good Kft.» улушига мамлакат товуқ гўшти ишлаб чиқариш ҳажмининг деярли 32% тўғри келади, у ҳам Венгрия, ҳам Марказий Европада парранда гўштининг етакчи дистрибюторидир.
Учрашув якунлари бўйича томонлар Ўзбекистонда паррандачилик корхонасини ташкил этиш бўйича қўшма лойиҳани амалга ошириш юзасидан дастлабки келишувга эришдилар, шу муносабат билан лойиҳа тафсилотларини муҳокама қилиш учун жорий йил ноябрь ойида «Master Good Kft.» компанияси раҳбариятининг мамлакатимизга ташрифи режалаштирилди. Шунингдек, 6 нафар ўзбекистонлик талабанинг компания тузилмаларида касбий амалиёт ўташ имкониятлари муҳокама этилди.
Бундан бироз аввалроқ Азиз Воитов Венгрияда мамлакат қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Шандор Фаркаш ҳамда Венгрия қишлоқ хўжалиги ва табиий фанлар университети (МАТE) ректори Чаба Дьюрич билан ҳам музокаралар ўтказган эди, деб хабар беради Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати.