Бугун, 6 майда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов «Veon» компаниялар гуруҳи бош ижрочи директори Каан Терзиоглу билан учрашди.
Учрашувда Сербиянинг собиқ президенти Борис Тадич ҳам иштирок этди.
Йиғилишда АКТ вазири Ш. Шерматов телекоммуникация хизматлари кўрсатиш бозорини янада ривожлантириш, соҳага инвестицияларни жалб этиш, хусусан, мобил алоқа компанияларининг самарали фаолият олиб боришлари учун юртимизда ҳар томонлама кенг имкониятлар яратиб берилганини таъкидлади.
Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан Вазирлик олдига Ўзбекистонни минтақавий ахборот технологиялари марказига айлантириш, жорий йил охиригача IT-маҳсулотлар ва хизматлар экспортини 100 миллион долларга етказиш вазифаси қўйилганлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув чоғида ахборот технологиялари ва энг янги мобил технологияларни жорий этиш масалалари ва келгусидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича фикрлар алмашилди.
Бугунги кунда Ўзбекистонда «Veon» компаниялар гуруҳи иштирокида ускуналарни модернизация қилиш ва фойдаланувчилар учун қулайликлар яратишга қаратилган лойиҳалар амалга ошириляпти.
Шунингдек, томонлар ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш бўйича улкан салоҳият мавжудлиги ҳамда бу борада барча саъй-ҳаракатларни сафарбар этишга тайёр эканликларини билдирдилар.
Шунингдек, маҳаллий ёшларни ишга жойлаштириш орқали BPO (бизнес жараёнлари аутсорсинги) ва KPO (билим жараёнлари аутсорсинги) хизматларини ривожлантириш лойиҳаларини амалга оширилишида «VEON» компаниясини бевосита иштироки масалалари ҳам муҳокама этилди, деб хабар беради Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги матбуот хизмати.
Учрашув давомида икки томонлама манфаатли истиқболли йўналишлар, жумладан, АКТ масалаларида кенг қамровли ҳамкорликни кенгайтириш ва бошқа муҳим масалалар муҳокама қилинди.