Глобал ишлаб чиқариш ва транспорт-логистикадаги узилишлар,  ҳамкор давлатлардаги инфляция саноат ишлаб чиқариш ва экспорт бўйича режаларни хавф остида қолдираётгани таъкидланди. 

Бундай шароитда ҳар бир ҳоким ва тармоқ раҳбари маҳсулотлар ҳажмини ошириш ва экспортга янги бозорларни топиш учун ҳар куни бош қотириб, қаттиқ ишлаши зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Қайси вилоят, туман ҳокими ўзи корхоналар билан ишлаб, муаммосига ёрдам бериб, ҳаракат қилаётган бўлса, ўзгариш бўлаётгани қайд этилди.

Президентимиз йиғилишда ўтган етти ойда юртимизда саноат маҳсулотлари ҳажми 5,7 фоизга ўсиб, 345 триллион сўмга етганини таъкидлади.

Бу кўрсаткич электротехника саноатида 46 фоизни, енгил автомобиллар ишлаб чиқаришда 16 фоиз, қурилиш материалларида 12 фоиз, тайёр кийим-кечак ишлаб чиқаришда 11 фоизни ташкил қилиб, юқори суръатларда ўсди.

Мисол учун, мисни қайта ишлаш 30 фоизга ва юқори қўшилган қийматли маиший техникалар ҳажми 36 фоизга ошиши ҳисобига жами 12,5 триллион сўмлик электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқарилди. Уларнинг экспорти 25 фоизга кўпайиб, 550 миллион доллардан ошди.

Жойларда ишлар тўғри йўлга қўйилгани боис 25 та туман ва шаҳарда саноат ҳажми 10 фоиздан кўпайган.

Бўзатов, Кегейли, Қўнғирот, Хўжайли, Андижон, Олот, Шофиркон, Ғаллаорол, Китоб, Нишон, Конимех, Чортоқ, Оқдарё, Булунғур, Иштихон, Пахтачи, Олтинсой, Бандихон, Бойсун, Қизириқ, Паркент, Бувайда, Учкўприк туманлари, Каттақўрғон ва Нурафшон шаҳарларида саноат юқори суръатда ўсган.

Жумладан, тўқимачилик корхоналарини кўпайтириш орқали, саноат кўрсаткичини Бандихон 45 фоизга, Қизириқ 18 фоиз, Олот ва Бувайда 15 фоиздан, Кегейли 14 фоиз, Оқдарё ва Бойсун 13 фоиздан, Андижон тумани 10 фоизга оширган.