— Бу Португалиянинг “Take The Wind” компанияси томонидан яратилган “Body Interact” платформаси, яъни «Виртуал бемор» дастури бўлиб, унинг асосий вазифаси тиббиёт муассасаларида ўқийдиган ўқувчи ва талабаларга виртуал ўрганиш имкониятини беради, — деди Инновацион ривожланиш вазирлиги соғлиқни сақлаш ва ривожлантириш бўлими етакчи мутахассиси Жамол Эргашев. — Ушбу платформа жуда мукаммал ишланган бўлиб, алгоритм равишда барча кўрсатмалар келтирилган.

Мазкур мобил илова орқали талабалар виртуал бемор ҳолатига баҳо бериш мақсадида ундан керакли таҳлиллар олишлари, фонендоскоп ёки рентген, МСКТ, каби виртуал ускуналарда текшириб, барча амалиётларни экрандаги иш столида виртуал тарзда ўтказиш мумкин.

Бемор кўриги виртуал олиб бориларкан, беморни кўриш ва даволаш учун маълум вақт берилади. Демак, инсон ҳаётини сақлаб қолиш учун бўлғуси шифокорларда тезкор ҳаракатланиш кўникмасини ҳам сингдиради. Белгиланган муддат оралиғида беморга ташхис қўйиш билан биргаликда даво чораларини қўллаш ҳам талаб этилади. Талабалар беморнинг ҳолати бўйича баҳо беришлари шартлиги ҳам белгиланган.

«Виртуал бемор» платформаси, асосан, 3-босқични тамомлаган талабалар учун керакли ва асосий қўлланмадир. Платформа виртуал ҳолатда масофавий клиник таълимни яхшилайди.

Юртимизда бир қанча тиббиёт муассасалари ва олий ўқув юртлари мавжуд. Уларни ҳар йили минглаб талабалар тамомлаб, мустақил равишда фаолиятга киришади. Инсон ўз хатолари устида ишласагина, мукаммалликка эришади. Лекин шифокорнинг хато қилишга ҳақи йўқ. У инсон ҳаётига жавобгар шахс. Бунинг учун кўп тажрибалар орттириши ва ўз устида ишлаши лозим. «Виртуал бемор» айнан шундай тажриба майдони бўла олади. Натижада улар ҳақиқий беморни қабул қилишга тайёр бўлишади. Бу платформада талаба кўплаб касалликларнинг (платформада 200 дан ортиқ клиник ҳолатлар мавжуд) клиник ҳолати ва аломатларини батафсил ўрганиши ҳамда уни даволаш имкониятига эга.

 Платформада камида 100 хил турли таҳлилларни амалга ошириш мумкин, 30 га яқин тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган. Врач қабулига келган «виртуал бемор» ҳолатига қараб, дори-дармонлар бўлими орқали керакли муолажаларни қўллаш мумкин. Агар тўғри даволанса, у ўзини яхши ҳис қилишини айтади. Аксинча, нотўғри дориларни танласангиз, бемор ҳолати оғирлашади. Даволаш жараёни якунида ушбу платформа ҳар битта касаллик пункти бўйича баҳолайди. Демак, талаба ўзи мустақил равишда ўзини ўзи баҳолаш имкониятига ҳам эга бўлади.

Экрандан қўнғироқ ҳам ўрин олган бўлиб, бу орқали шифокор тор доирадаги мутахассислар билан боғланиши (парҳезшунос, эндокринолог, жарроҳ ва ҳоказо) мумкин.

"InnoWeek.uz-2020" Инновацион ғоялар ҳафталиги доирасида мазкур платформадан республиканинг тиббий олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари ва талабаларига 3 ойга бепул фойдаланиш бўйича Инновацион ривожланиш вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда мазкур “Take The Wind” компанияси ўртасида келишув меморандуми имзоланди.

Севара Абдуллаева