Мақола муаллифи - Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси аъзоси Ислом Хушвақтовнинг ёзишича, глобаллашув даврида виртуал саёҳатлар ривожланиб бораётганига қарамай, аҳолининг анъанавий саёҳатга, диққатга сазовор жойлар билан танишишга қизиқиши ҳам тобора ортиб бормоқда. Бу, албатта, сайёҳлик йўналишлари ва туризм ишқибозларига хизмат кўрсатувчи компаниялар сонининг кўпайиши билан боғлиқ. Натижада туризм кўплаб мамлакатлар миллий иқтисодиётининг энг даромадли тармоқларидан бирига айланди.
Муаллиф қайд этганидек, 15-16 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг саммити доирасида ташкилотга аъзо давлатлар ҳукуматлари ўртасида янги сайёҳлик йўналишларини ривожлантириш бўйича Туризм соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланди.
Мақолада, шунингдек, Ўзбекистон ўзининг бетакрор табиати, хушманзара тоғлари, Қизилқум чўлларининг ўзига хос рельефи, сув омборлари, тоза ҳавоси билан сайёҳларни ўзига жалб этаётгани таъкидланган. «Сайёҳлар оқимини кўпайтириш мақсадида минтақанинг туристик базасини халқаро андозалар асосида ташкил этиш чоралари кўрилмоқда”, деб ёзади муаллиф.