Учрашувда Ўзбекистоннинг БМТ ва унинг институтлари, хусусан, UNAMA билан ўзаро ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари кўриб чиқилди.
В.Норов БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларига тўлиқ мос келадиган 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси доирасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида атрофлича маълумот берди.
Афғонистондаги мавжуд вазият юзасидан фикр алмашилди. М.Потсел Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Афғонистон бўйича халқаро конференция ўтказиш ташаббусини юқори баҳолади. Анжуман афғон халқига гуманитар ёрдам кўрсатиш ва мамлакат иқтисодиётини тиклаш масалалари бўйича халқаро ҳамжамиятнинг умумий ёндашувларини ишлаб чиқиш учун муҳим асос яратади.
Бу галги конференция Ўзбекистоннинг Афғонистондаги вазиятни тартибга солишдаги муҳим ва ўзгармас ролини яна бир бор тасдиқлаб, Ўзбекистон томонининг Афғонистонни ижтимоий-иқтисодий ва инфратузилмавий тиклашга қўшган ҳиссаси халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилганидан далолат бериши таъкидланди.
UNAMA раҳбарининг сўзларига кўра, Тошкент форуми жаҳон ҳамжамиятининг асосий талабларини афғон ҳукумати томонидан бажарилиши бўйича самарали халқаро мулоқотни йўлга қўйиш учун муҳим платформа бўлганини таъкидлади, деб хабар беради Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.