Элчининг ишонч ёрлиқларини қабул қилар экан, В.Норов уни юксак ва масъулиятли лавозимга тайинлангани билан табриклаб, фаолиятида муваффақиятлар тилади.

Ўз навбатида, Родриго Де Лима Баэн Соарес мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга юксак баҳо берди. Бразилия ҳукумати Ўзбекистонни минтақадаги муҳим давлат сифатида қараб, республика билан алоқаларни ҳар томонлама ривожлантиришга тайёр экани таъкидланди.

Сиёсий мулоқотни жадаллаштириш, шу жумладан, вазирликлараро маслаҳатлашувларни ўтказиш, икки мамлакат парламентлари ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш, БМТ, Америка давлатлари ташкилоти доирасида ва «БРИКС+” форматида ўзаро мувофиқлаштирувни кучайтириш, ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий базасини кенгайтириш муҳимлиги қайд этилди.

Иқтисодий дипломатияни фаоллаштириш мақсадида томонлар Савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссия тузиш, ўзаро аснода савдо уйларини очиш, Бразилия ишбилармон доиралари вакилларининг Ўзбекистонга сафарини ташкил этиш масалаларини ўрганиб чиқишга келишиб олдилар. Бразилия бозорига Ўзбекистондан товарларни, шу жумладан, кимёвий ўғитлар, тўқимачилик, аграр ва бошқа турдаги маҳсулотларини етказиб беришни йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилди.

Маданий-гуманитар йўналишда Ўзбекистон ва Бразилия маданияти кунларини ўтказиш, икки мамлакат шаҳарлари ўртасида биродарлик алоқаларини йўлга қўйиш, турли тармоқларда мутахассислар тайёрлаш юзасидан таълим ва илмий муассасалар ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.

Элчи бразилиялик кинокомпаниялар ва санъат арбобларининг навбатдаги «Ипак йўли дурдонаси» Тошкент халқаро кинофестивалида иштирок этишга қизиқиш билдираётганини маълум қилди, деб хабар беради Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.