Учрашувда Ўзбекистон-Франция кун тартибининг турли жиҳатлари муҳокама этилди.

Мулоқот чоғида кўп томонлама тузилмалар, хусусан, расмий Парижнинг Европа Иттифоқи Кенгашидаги раислигини ҳисобга олган ҳолда ўзаро ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди.

Франция томони Ўзбекистонда давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли янгиланишларни юқори баҳолади.

Турли даража ва шаклларда режалаштирилган мулоқотлар жадвали бўйича таклифлар кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, Франциянинг «Medef Internatsional» ишбилармонлар доираси ассоциациясининг бўлажак ташрифи савдо-иқтисодий алоқаларни фаоллаштириш ҳамда Ўзбекистонда Франция капитали иштирокидаги истиқболли инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини мазмунли муҳокама қилишга хизмат қилади.

Томонлар 2022 йил ноябрь ойида Париждаги Араб дунёси институтида ва Лувр музейида «Марказий Осиёнинг улуғворлиги. Ўзбекистон карвон йўлларида» ҳамда «Яктак ва чопон» номли кўргазмалар ўтказилиши режалаштирилаётганини инобатга олган ҳолда маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш борасида ўзаро қизиқиш билдирдилар, деб хабар беради Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.