Ҳиндистон ТИВ раҳбари бугун Ўзбекистон пойтахтида бўлиб ўтган ШҲТ Вазирлар кенгаши мажлиси якунларини юқори баҳолаб, ушбу тадбирни юқори ташкилий ва мазмунли даражада ўтказгани учун Ўзбекистон томонига миннатдорлик билдирди. Шунингдек, Ҳиндистон Ўзбекистоннинг ШҲТ га раислигини тўлиқ қўллаб-қувватлашини ва ташкилотнинг Самарқандда бўлиб ўтадиган саммитига тайёргарлик кўришда кўмак беришга тайёрлигини билдирди.
С.Жайшанкар Ҳиндистон учун Ўзбекистон минтақадаги асосий ҳамкор эканлиги, у билан алоқаларни кенгайтириш расмий Ню-Деҳли ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканини таъкидлади. Ўзбекистон-Ҳиндистон муносабатлари ривожланишидаги ижобий суръат Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Томонлар сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ўзаро ҳамкорликни фаоллаштиришга, БМТ ва ШҲТ, шунингдек, «Ҳиндистон – Марказий Осиё» формати доирасида саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришни давом эттиришга тайёрлиги маълум қилинди.
Янги қўшма инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш, транспорт, савдо ва саноат соҳасида келишувларни ишлаб чиқиш, Ҳиндистоннинг йирик компанияларини Ўзбекистон ҳудудида маҳсулот ишлаб чиқаришга жалб этиш имкониятлари мавжудлиги таъкидланди.
Таълим соҳасидаги алоқаларни кенгайтириш, жумладан, Ўзбекистонда Ҳиндистоннинг етакчи университетлари филиалларини очиш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.
Турли даражадаги бўлажак қўшма тадбирлар жадвали муҳокама этилди.
Афғонистондаги бугунги вазият юзасидан фикр алмашилди. Ҳиндистон томони 2022 йил 25-26 июль кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган «Афғонистон: хавфсизлик ва иқтисодий ривожланиш» мавзусидаги халқаро конференцияни юқори баҳолади. Афғонистон масаласида маслаҳатлашувларни давом эттириш бўйича келишувга эришилди, деб хабар беради Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.