В.Норов Элчининг ишонч ёрлиқларини қабул қилар экан, уни янги лавозимга тайинлангани билан табриклади ва дипломатик миссиясида муваффақиятлар тилади.

Томонлар кейинги йилларда ривожланишнинг сифат жиҳатидан янги босқичига кўтарилган, амалий мазмун билан бойитилган Ўзбекистон-Испания ҳамкорлигининг долзарб масалаларини муҳокама қилдилар.

Сиёсий мулоқотни фаоллаштириш, турли даражадаги ташрифлар ташкил этиш, халқаро институтлар доирасида ўзаро ҳамкорликни кучайтириш, Афғонистон масаласи бўйича маслаҳатлашувларни давом эттириш муҳимлиги қайд этилди.

Маркос Гомес Мартинес Испания Ўзбекистонни минтақадаги асосий давлат деб билишини ва республикада амалга оширилаётган, аҳоли фаровонлигини ошириш ва мамлакатнинг жаҳон миқёсидаги нуфузини оширишга хизмат қилаётган тизимли ислоҳотларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини таъкидлади.

Иқтисодий дипломатияни фаоллаштириш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди. Испания томони Ўзбекистон билан транспорт, қишлоқ хўжалиги, банк иши, тўқимачилик ва нефть-газ саноати, қайта тикланадиган энергия ва туризм соҳаларида узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйишдан манфаатдор экани қайд этилди.

Элчи испан компаниялари учун Ўзбекистон катта имкониятларга эга истиқболли бозор эканлигини маълум қилди. Мамлакат ва унинг ишбилармонлик муҳитини батафсил ўрганиш учун Испания тадбиркорлик субъектлари делегациясининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш режалаштирилган.

Таълим соҳасидаги алоқаларни ривожлантириш учун етарли салоҳият мавжудлиги таъкидланди. Хусусан, Ўзбекистонда Испания университетларининг филиаллари ва касб-ҳунарга ўқитиш марказларини очиш, испаниялик мутахассислар ва ўқитувчиларни мамлакатимизга жалб этиш масалалари муҳокама қилинди.

***

Шу куни Ташқи ишлар вазирлигида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича Махсус вакили Исматилла Иргашев ва Испания Элчиси Маркос Гомес Мартинез ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Суҳбат давомида томонлар Афғонистондаги мавжуд вазиятни ва бу мамлакатга ёрдам кўрсатиш масалаларини муҳокама қилдилар, деб хабар беради Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.