Канада Элчиси Ўзбекистонда давлат ва жамият ҳаётининг турли соҳаларида амалга оширилаётган улкан ўзгаришларни юксак баҳолади. Дунёдаги мураккаб вазиятига қарамай Ўзбекистон ислоҳотлар йўлидан изчил ҳаракатланишда давом этаётгани эътироф этилди. Канада Ҳукумати Ўзбекистонга бу йўналишда кўмак беришга тайёрлиги айтиб ўтилди.
Томонлар ҳамкорликнинг мавжуд салоҳиятидан янада самарали фойдаланиш зарурлиги бўйича келишиб олдилар. Э.М.Леклер таъкидлаганидек, расмий Оттаванинг Ўзбекистон Республикаси билан сиёсий мулоқотни ҳар томонлама ривожлантириш тарафдоридир. Биринчи қадам сифатида пандемия туфайли қолдирилган ташқи ишлар вазирликлараро маслаҳатлашувларни ўтказиш кўзда тутилади.
Э.М.Леклернинг фикрича, савдо-иқтисодий ва инвестициявий жабҳаларда алоқаларни жадаллаштириш учун қатор имкониятлар мавжуд. Ўзбекистон Канада бизнеси учун истиқболли йўналиш ҳисобланиб, мазкур мамлакат компаниялари республикадаги хусусийлаштириш жараёнларида, иш ўринлари яратишда, «яшил технологиялар»ни ривожлантиришда фаол иштирок этишни режалаштирган.
Учрашувда таълим соҳасидаги алоқаларни кенгайтириш масалалари муҳокама этилди. Томонлар Ўзбекистонда ушбу мамлакатнинг етакчи олий ўқув юртларининг филиалларини очиш, иқтисодиётнинг турли соҳаларида биргаликда кадрлар тайёрлаш масаласини кўриб чиқишга тайёрлигини билдирдилар.
Ўзаро ҳамкорликни чуқурлаштириш мақсадида томонлар Тошкент шаҳрида Канада Виза марказини очиш масаласини ўрганишга келишиб олдилар.
Учрашувда халқаро ва минтақавий сиёсат масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди. Канада томони Афғонистонга кўрсатаётган инсонпарварлик ёрдами учун Ўзбекистонга миннатдорлик билдириб, мазкур кўмак мамлакатни ижтимоий-иқтисодий тиклашда ниҳоятда муҳим аҳамият касб этишини эътироф этди, деб хабар беради Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.