Томонлар Ўзбекистон-Ўмон муносабатлари томонларни қизиқтирган барча соҳаларда жадал ривожланиб бораётганини мамнуният билан қайд этдилар.
Икки томонлама асосда ва халқаро институтлар доирасида, шунингдек, «Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши» стратегик мулоқоти форматида сиёсий ва дипломатик ҳамкорликни фаоллаштириш муҳимлиги таъкидланди.
Турли даражадаги бўлажак учрашувлар жадвали, жумладан, икки мамлакат ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг навбатдаги даврасини ташкиллаштириш масалалари муҳокама этилди.
Ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий базасини кенгайтириш зарурлиги қайд этилди.
Томонлар савдо-иқтисодий соҳадаги ҳамкорлик салоҳиятидан самарали фойдаланиш, ўзаро савдо ҳажмини ошириш ва диверсификация қилиш, транспорт йўлакларини ривожлантириш, тадбиркорлик субъектлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни давом эттириш бўйича қўшма чора-тадбирларни кўришга тайёр экани маълум қилинди.
Шунингдек, маданий-гуманитар соҳада алоқаларни чуқурлаштириш бўйича қатор таклифлар кўриб чиқилди, деб хабар беради Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.