Мулоқот чоғида қайд этилганидек, замонавий босқичда Ўзбекистон-Туркия муносабатлари икки мамлакат раҳбарларининг қатъияти ва ишончли мулоқоти туфайли юксак ўсиш суръатини намоён этиб, янги амалий мазмун билан бойиб боряпти.
Ўзаро савдо ҳажмини ошириш, иқтисодиётнинг турли тармоқларида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, маданий-гуманитар ва туризм алмашинувларини кенгайтириш юзасидан олий даражада эришилган келишувлар ижросига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистон ва Туркиянинг халқаро институтлар доирасидаги ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдорлиги таъкидланди.
Дунёдаги ва минтақадаги вазият юзасидан фикр алмашилди. Туркия делегацияси Тошкент шаҳрида Афғонистон бўйича бўлиб ўтган конференция натижаларини юқори баҳолади. Афғонистон йўналишидаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришни давом эттириш ва бу мамлакатга гуманитар ёрдам кўрсатишга икки томон ҳам тайёрлиги эътироф этилди.
М.Чавушоғлу Тошкент шаҳрида ташқи сиёсат, савдо, иқтисодиёт ва транспорт масалалари учун масъул бўлган вазирликлар раҳбарлари иштирокида «Ўзбекистон – Озарбайжон – Туркия» мулоқотининг биринчи йиғилишини ўтказиш муҳим аҳамиятга эгалигини таъкидлади.
Икки ва кўп томонлама даражада режалаштирилган тадбирлар, шу жумладан, Самарқанддаги Туркий давлатлар ташкилоти саммитига тайёргарликнинг ташкилий жиҳатлари кўриб чиқилди, деб хабар беради Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.