Маданият ва туризм вазирининг биринчи ўринбосари Улуғбек Азамов “WizzAir Abu Dhabi” авиакомпанияси бошқаруви директори Йохан Эйдхаген ҳамда авиакомпания мутасадди ходимлари билан учрашув ўтказди.

Учрашув давомида хорижий томонга мамлакатимизнинг туристик салоҳияти, яратилган қулай шароитлар ва тақдим этилаётган имтиёзлар тўғрисида батафсил маълумот берилди. Бундан ташқари, икки томонлама мулоқотда авиакомпаниянинг Ўзбекистон бозоридаги фаолияти билан боғлиқ муаммолар, келгуси режалар ва ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Эйдхагеннинг қайд этишича, Ўзбекистонда туристик соҳани ривожлантириш учун улкан салоҳият ва барча шарт-шароитлар мавжуд. Йилдан йилга нафақат ташқи ва ички туризмда, балки ҳар соҳада  ривожланиш тенденциялари тобора ортиб бормоқда. Шундан келиб чиқиб, “WizzAir Abu Dhabi” авиакомпанияси билан 2023 йилда мамлакатимизга янги йўналишлар очиш ва Абу-Дабидан Ўзбекистоннинг туристик шаҳарларига авиарейслар сонини ошириш режалаштирилгани маълум қилинди.

Маълумот учун, ҳозирги кунда “WizzAir Abu Dhabi” авиакомпанияси ҳафтасига 3 маротаба “Абу-Даби – Тошкент - Абу-Даби” ва ҳафтасига 4 маротаба “Абу-Даби – Самарқанд - Абу-Даби” йўналишларида парвозларни амалга ошириб келмоқда.

Музокаралар якунига кўра, Маданият ва туризм вазирлиги ва “WizzAir Abu Dhabi” авиакомпанияси ўртасида мунтазам ахборот алмашинувини йўлга қўйиш, авиакомпания ҳаво кемаларида ва веб-ресурсларида Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини тарғиб қилиш, истиқболли авиайўналишларни ҳамкорликда ишлаб чиқиш ҳамда яқин келажакда ўзаро ҳамкорлик тўғрисида битим имзолаш каби келишувларга эришилди, деб хабар беради Маданият ва туризм вазирлиги матбуот хизмати.