«Ишга марҳамат» мономарказида Ишчи касбларни ривожлантириш ва оммалаштириш ассоциацияси (WorldSkills Uzbekistan) томонидан Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган ишчи касблар бўйича «WorldSkills Uzbekistan-2020» чемпионати бошланди.
Икки кун давом этадиган мусобақада 16-25 ёшда бўлган иштирокчилар WorldSkillsнинг 6 та йўналиши – меҳмонхона маъмурияти, сартарошлик санъати, ошпазлик, қуруқ қурилиш ва пардозлаш ишлари, электр монтажи, пайвандлаш технологиялари бўйича ўз маҳоратини намойиш этади.
Чемпионатда Тошкент, Самарқанд ва Қашқадарёдан 36 нафар ёш мутахассис қатнашмоқда. Чемпионатнинг барча иштирокчилари касбий билим ва кўникмалар тўғрисидаги сертификатлар – Skills паспортлар олади ва энг яхшилари олтин медаль билан тақдирланади.