АОКАда АТ «Халқ банки» бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Зафар Азимов, раис ўринбосарлари Тоҳир Раҳмонов ва Дилшод Қутлиев иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида мавзу юзасидан маълумот берилди:
Халқ банкининг бугунги кунда 196 та туман (шаҳар) филиаллари ва улар тассаруфидаги 106 та “Банк хизматлари марказ”лари, 649 та банк кассалари, 1 443 та сайёр кассалари, 430 та “24/7-Электрон офис”лари, 298 та халқаро пул ўтказмалари ҳамда 261 та валюта айирбошлаш шохобчалари мамлакатимиз аҳолисига хизмат кўрсатмоқда.
Мижозларга хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш мақсадида Халқ банкининг вилоят филиаллари тасарруфидаги 400 та штат бирликлари “мижозбай” ишлаш учун туман филиалларига ўтказилди. Шунингдек, ҳар бир филиалга муаммоли кредитлар билан ишлаш учун 4 тадан штат бирлиги ажратилиб, уларнинг 1 нафарига малакали юристлар ишга жалб этилмоқда.
Халқ банки ижтимоий соҳага тааллуқли вазифаларни ҳам тизимли амалга ошириб келмоқда. Жумладан, Халқ банки томонидан 5 миллион нафарга яқин (15 фоиз) фуқароларга ҳар ойда 4 трилион сўмлик 12 турдаги пенсия, нафақа ва бошқа ижтимоий тўловлар амалга оширилмоқда. Мазкур тўловларнинг 1,4 триллион сўми (ёки 35 фоизи) банк карталари орқали ва 2,6 триллион сўмлик (ёки 65 фоизи) қисми аҳолига нақд пулда тўлаб берилмоқда.
Шунингдек, хотин-қизларни молиявий қўллаб-қувватлаш орқали тадбиркорликка жалб қилиш мақсадида “Аёллар дафтари”га киритилган ва тадбиркорлик қилиш истагини билдирган 97 минг нафарга яқин хотин-қизларга 1,2 триллион сўмлик кредитлар ажратилди. Шу билан бирга “оилавий тадбиркорлик”ни ривожлантириш давлат дастурлари доирасида 142 мингдан ортиқ фуқароларга 3,1 триллион сўмлик имтиёзли кредитлар ажратилди.
2021 йилнинг ўтган даврида Халқ банки томонидан жами 145 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъектларига қишлоқ хўжалиги, саноат, хизмат кўрсатиш, чорвачилик, айланма маблағлар, озиқ-овқат ва давлат дастурлари йўналишларида жами 7,1 триллион сўмлик кредит маблағлари ажратилди.
Банк молиявий ҳисоботларини халқаро стандартларга мослигини ва маълумотларнинг шаффофлигини таъминлаш мақсадида аудиторлик компаниялари ўртасида халқаро танлов эълон қилинди, танлов натижаларига кўра, кучли тўртликка (“Big four”га) кирувчи “Ernst & Young” аудиторлик компанияси (Буюк Британия) ғолиб бўлди.