Давлатимиз раҳбарининг вилоятга ташрифи Фарғона тарихида янги саҳифа очди десак янглишмаймиз.
Президентимиз вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида “Таъкидлаш жоиз, ҳозир маҳаллий кенгашлардаги ҳамма депутатлар ҳам ўз ваколати даражасида фаолият юритмаяпти. Халқ ноиблари депутат деган мақомга муносибми”, дедилар.
“... виждонимиз олдида жавоб берайлик: халқ вакиллари бир ойда, уч ойда, олти ойда, бир йилда маҳаллий кенгашларга нечта таклиф берди? У таклиф элимга, маҳалладошларимга, туманимга нима манфаат олиб келди, деган саволга афсуски, ижобий жавоб йўқ”, деди давлатимиз раҳбари.
Бу фикрлар биз, депутатларни янада фаол, қонун ижодкорлиги, юртдошларимиз билан ҳамиша ҳамнафас бўлишга ундади. Эндиликда, биз барча маҳаллий Кенгаш депутатларимиз билан олдимизга тизимли ишларни белгилаб олдик. Зеро, халқ билан мулоқот инсон манфаатларининг юксалишига олиб келади. Яъни, мулоқот ва манфаат тушунчаси халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак, деган тамойилга асосланади.
Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилидаги асосий вазифалар давлат органларининг фуқаролар билан ўзаро муносабатларининг тубдан такомиллашишига замин бўлиб, аҳоли билан доимий мулоқот қилиш, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишнинг янги механизмлари ва самарали усулларини топиш учун имконият яратади.
Давлатимиз раҳбари айтганидек, “Депутат бўлиш, халқ ишончини қозониш ва уни муносиб равишда оқлаш – бу осон эмас. Бундай шараф ҳар кимга ҳам насиб этмайди. Депутат – фикри зикри билан халққа энг яқин одам, доимо эл-юртнинг ташвиш ва муаммолари билан яшайдиган, катта билим ва тажрибага эга бўлган шахс”.
Халқ билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини ҳал этиш бугунги кунимизнинг долзарб вазифаларидан бирига айланди. Қолаверса, бу жараён ҳар бир раҳбарга алоҳида масъулият юклайди, халқ дарди билан яшаш, муаммоларига ечим излашга ундайди.
Нафисахон Элчиева,
Халқ депутатлари Фарғона вилояти Кенгаши котибияти мудири,
Халқ депутатлари Фарғона вилояти Кенгаши депутати.