Мониторинг давомида фармон талабларининг халқ депутатлари туман ва шаҳар кенгашлари томонидан ижро этилиши ўрганилди.
Ўрганиш натижаларига кўра, энг қониқарсиз кўрсаткич Бухоро вилоятида қайд этилди, хусусан, вилоятда халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар кенгашлари томонидан ўтказилган жами сессияларнинг 81 фоизи жонли трансляция қилинмагани маълум бўлди. Бу борадаги нисбатан энг яхши кўрсаткич Андижон вилоятида қайд этилиб, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари томонидан ўтказилган жами сессияларининг фақатгина 36 фоизи жонли трансляция қилинмаган.
Натижалар вилоят кенгашлари кесимида таҳлил қилинганда, халқ депутатлари Навоий вилоят кенгаши ўрганиш давридаги барча сессияларни тўлиқ жонли эфирга узатган ягона вилоят кенгаши бўлди. Туман кенгашлари кесимида эса Тошкент вилоятининг халқ депутатлари Бекобод ва Бўстонлиқ туман кенгашлари томонидан ўтказилган барча сессиялар тўлиқ ҳажмда жонли эфирга узатилган.
Шунингдек, мониторинг давомида Интернет тармоғи орқали жонли эфирга узатилган бир қатор кенгаш сессияларининг тўлиқ бўлмаган шаклда қисман (бир неча дақиқагина) трансляция қилиниш ҳолатлари ҳам кузатилди.
Ўрганишлар натижасида аниқланган камчиликлар юзасидан ҳудудий кенгашларга фармон талабларидан келиб чиқиб, келгусида ўтказиладиган барча кенгаш сессияларининг жонли эфирга узатилиши лозимлиги тўғрисида кўрсатма берилди, деб хабар беради Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ахборот хизмати.