Кун тартибига кўра, дастлаб Паркент туманида иш олиб бораётган ҳоким ёрдамчиларининг 6 ойлик фаолияти бўйича туман мутасаддиларининг ахбороти тингланди. 

Сессия Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг 2022 йил 17 майдаги “Тошкент вилоятининг 2023 йил ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури тўғрисида” қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш масаласини кўриб чиқди.  

Хусусан, Президентимиз томонидан тасдиқланган 2021 йил 10 декабрдаги ва 2022 йил 22 январдаги қарорга асосан тегишли вазирликларнинг бўлимлари, туман ҳокимликлари ва сектор раҳбарлари билан биргаликда Тошкент вилоятида ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурининг дастлабки лойиҳаси шакллантирилгани, дастур режасига мувофиқ, 2023 йилда барча тармоқлар бўйича жами 148 та лойиҳада умумий қиймати 1 трлн. 313,4 млрд. сўмлик қурилиш-таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари амалга оширилиши қайд этилди.                           

Тошкент вилоятида давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларини олиб қўйилишига рухсат бериш ҳамда цемент бетон қопламали ички йўллар учун ажратилган маблағларни ҳудудлар кесимида тақсимланиши бўйича манзилли рўйхатни тасдиқлаш масаласи муҳокама қилинди. Мазкур масала бўйича амалга оширилиши лозим бўлган ишлар юзасидан Тошкент вилояти ҳокимлиги ер участкалари олиб қўйилиши ва компенсация бериш ишларини мувофиқлаштириш шўъбаси мудири Э.Мирхолиқовнинг ҳисоботи тингланди. 

Шунингдек, сессия кун тартибига киритилган “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Тошкент вилояти бўлими қошидаги “Саховат ва кўмак” жамғармасига келиб тушган маблағлар ва уларни сарфлаш, аҳолини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш ва аҳолига бўлиб берилган ерлардан самарали фойдаланиш борасида олиб борилаётган ишлар бўйича қатор масалалар депутатлар томонидан кенг муҳокама қилиниб, тегишли тартибда қарорлар қабул қилинди, деб хабар беради Тошкент вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати.