Кун тартиби бўйича депутатлар томонидан 12 та масала кўриб чиқилди.
Дастлаб Президентимизнинг 2020 йил 1 майдаги “Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш тўғрисида”ги қарори ижроси бўйича ишлар таҳлил қилинди. Хусусан, солиқ тўловларининг йиғилиш даражаси 2021 йил 1 декабрь ҳолатига 4 триллион 288,9 миллиард сўмни ташкил этди. Амалга оширилган солиқ тўловлар ҳажми ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганида вилоятдаги солиқ тушумлари асосий улушини Зангиота (12,3 %), Қибрай (10,7%), Ангрен шаҳри (6,2%), Тошкент тумани (6,0%), Чирчиқ шаҳри (6,2%) ташкил этмоқда.
Вилоят ҳудудий экспорт режаси кўрсаткичлари бажарилишини таъминлаш бўйича кўрилган чоралар ва амалга оширилган ишлар натижасида ўтган йилнинг январь-ноябрь ойларида 682,2 миллион долларлик маҳсулотлар ва хизматлар экспорти амалга оширилиб, белгиланган прогноз 102,5 фоизга бажарилган.
Депутатлар томонидан ҳудудлар учун 2022 йилда ҳам белгиланган макроиқтисодий кўрсатгичларни таъминлаш юзасидан барча тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича ҳудудларнинг мавжуд имкониятларидан фойдаланиш зарурлиги айтиб ўтилди.
Шундан сўнг мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси томонидан 2021 йилнинг иккинчи ярим йиллигида амалга оширган ишлари тўғрисидаги ҳисобот тақдим этилди. Вилоятда суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш, алимент ундириш ҳамда ишсиз алимент тўловчиларнинг бандлигини таъминлаш борасида вилоят прокуратураси органлари томонидан муайян ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, суд ҳужжатлари асосида 2021 йилнинг 12 ойида 2 триллион 638 миллиард сўм, шундан давлат фойдасига 1 триллион 275 миллиард сўм ундирув амалга оширилди. 5,3 миллиард сўм жиноий жарималар, 47,9 миллиард сўм қўлланилган маъмурий жарималар, 55,8 миллиард сўм давлат божи амалда ундирилди. Жиноят натижасида давлатга етказилган зарарнинг 11,2 миллиард сўми ундирилди.
Шунингдек, сессия ишида “Ijro.gov.uz” идоралараро ягона электрон тизими фаолияти, Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши ва Кенгаш ҳузуридаги доимий комиссияларнинг 2022 йилга мўлжалланган иш режаларини тасдиқлаш каби масалалар муҳокама қилинди.
Халқ депутатлари вилоят Кенгашига сайлов ўтказувчи вилоят сайлов комиссияси таркибини тасдиқлаш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди.
Сессияда кўрилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Тошкент вилояти ҳокимлиги
Ахборот хизмати