Унда Олий Мажлис Сенатининг Маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятига кўмаклашувчи комиссияси аъзолари, барча маҳаллий Кенгашларнинг котибият мудирлари, Сенат девонининг тегишли бўлинмалари ходимлари иштирок этди.
Семинарда Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева кириш сўзи билан қатнашди.
Таъкидланганидек, маҳаллий Кенгашлар котибиятлари депутатларнинг аҳоли билан самарали мулоқот олиб бориши, уларни ўйлантираётган масалаларни ҳал этиши, мурожаатларни кўриб чиқиши, қонун, қарор ва дастурлар ижроси устидан депутатлик назоратини олиб боришига қулайлик яратиш мақсадида ташкил этилди.
Котибиятлар маҳаллий Кенгашнинг ҳар бир депутатини доимий равишда таҳлилий маълумотлар билан таъминлаб боришни йўлга қўйиши, маҳаллий Кенгаш сессияси муҳокамасига киритиладиган ҳар бир масалани пухта тайёрлаши, маҳаллий давлат бошқаруви органлари раҳбарларининг ҳисобот ва ахборотлари эшитувини ташкил қилишда доимий комиссияларга кўмаклашиши зарурлиги қайд этилди.
Маҳаллий Кенгаш депутатлари томонидан юборилаётган ҳар бир депутат сўрови ва унинг натижаларини таҳлил этиб бориш, маҳаллий Кенгаш депутатларига фуқароларни қабул қилиш, сайёр қабуллар ўтказиш билан боғлиқ масалаларда ёрдам бериб бориш Котибиятнинг асосий вазифаларидан эканлиги таъкиблаб ўтилди.

Котибиятларнинг оммавий ахборот воситалари билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйган ҳолда, амалга оширилаётган ишларни, айниқса, ташкил этилаётган сессияларни батафсил ёритиб бориши, маҳаллий Кенгашнинг алоҳида веб-сайтини яратган ҳолда, қабул қилинган қарорларни мунтазам жойлаштириб боришни йўлга қўйиши бўйича вазифалар белгилаб берилди.
Бунинг учун, аввало, Котибият ходимлари қонунчиликни яхши билиши, ҳар бир масалага жиддий ёндашиши, масъулиятни ҳис этиши мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.
Семинарда Котибиятлар фаолиятини самарали ташкил этиш билан боғлиқ бошқа масалалар ҳам муҳокама қилиниб, ўзаро тажриба ва фикр алмашилди, келгусидаги устувор вазифалар белгилаб олинди.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати