Соҳибқирон Амир Темур Кўрагон қурган буюк давлат ва унинг ворислари бўлган темурийлар салтанатлари жаҳон тарихида улкан из қолдирганлиги билан алоҳида аҳамиятга эга. Бу сулола вакиллари салкам беш юз йил давомида юрт бошқарди, жаҳон тарихига муносиб шаклу шамойил беришда, дунё маданиятини ривожлантиришда улкан саъй-ҳаракатлар кўргизиб, жумла мўъминни, башариятни ҳайратга солди. Тарихда бемисл ҳодисага айланган бу оламшумул ҳайрат ҳали-ҳануз давом этиб келмоқда ва интиҳо билмаяжакдир.

Амир Темур қандай йўсинда шундай давлатни барпо қилишга эришди?

Бу давлат теп-текис жойда пайдо бўлдими? Унинг сарчашмалари қаердан бошланади?...

Бу саволларга жавоб бериш учун Амир Темурнинг давлат бошига келиши тарихини кўздан кечиришимиз лозим бўлади. Албатта, Соҳибқиронга буюк боболаримиз, авждодларимиз тажрибалари катта кўмак берган. Алломаларимизнинг пурҳикмат рисолалари, подшоларимизнинг парвоз ва инқирозлари сабаблари, саркардаларнинг жанг русумлари, давлатларнинг қонун-қоидалари, тўра-тузуклари — барча-барчаси Соҳибқироннинг ақлини тўлиштирган, тафаккурини бойитган омиллар эди. Улар билан танишиш, теран ўқиб-ўрганиш ҳавас қилса арзигулик самаралар берди.

Давлатни бунёд қилиш, тузиш, уни маълум тўра-тузук асосида бошқариш борасида Амир Темур қўллаган тажрибалар диққатга сазовордир. Бу унинг билимга ўта чанқоқ эканини, чанқоқликка ҳам ўзи мутолаа қилиб, ҳам зиёли кишилар суҳбатларидан баҳра олиб, ҳам чечан қиссахони Мавлоно Убайд ҳикояларига қулоқ бериб эришганини кўрсатади. Билим олмоқ яхши, бироқ олинган билимни ўз тажриба корхонасидан ўтказиб, ҳаётий хулосалар чиқариш, уни ҳаётга татбиқ эта билиш, амалда кўрсатиш муҳимроқдир. У ўзининг машҳур “Тузуклар”ида шундай ёзади: “...Салтанат қуриш, давлат тутиш ишларини бир неча тузукка боғладим ва салтанатни бошқариш ҳақида қўлланма (дастур ул-амал) ёзиб қолдирдим, токи фарзандларим ва авлодимдан бўлганларнинг ҳар бири унга мувофиқ иш юритсин... Токи мендан уларга етадиган давлат ва салтанат зарару таназзулдан омон бўлгай...”

Маълумки, Шарқда одил подшо, саодатли мамлакат ҳақидаги орзулар қадим-қадимдан яшаб келади. Табиийки, бу ҳақда алломаларимиз турли рисолалар, қўлланмалар, панд-насиҳатлар ва маслаҳатларга бой китоблар ёзиб қолдирган. Чинакам салтанат соҳиби бўлмоқни истаган, мамлакат маснадида узоқ йиллар ўлтириб даврон сурмоқни хоҳлаган, миллат равнақи йўлида машаққат чекмоқни ўзига шараф деб билган арбоблар бундай китоблардан унумли фойдаланган.

Ана шундай китоблардан бири буюк файласуф бобомиз, Шарқда “муаллими соний”, яъни “иккинчи муалим” деб шарафланган Абу Наср ал-Форобийнинг “Фозил шаҳар кишиларининг қарашлари” рисоласи ҳисобланади. Уни ҳар жиҳатдан етук шаҳар кишиларининг фикрлари, деб изоҳлаш ўринлидир. Ушбу рисола жуда кўп подшоларимизнинг севган китобларидан бўлганлигига шубҳа йўқ. Чунончи, Самарқанддаги Сарбадорлар давлати ҳукмдори Абубакр Калавийни айтиб ўтамиз.

Буюк бобокалон Абу Наср ал-Форобий ер юзида инсонлар жамияти, унинг шакли бўлган фозил шаҳар ва фозил шаҳар бошлиғи тўғрисида ёзар экан, ўша бошлиқ (раис, ҳоким, умуман раҳбар маъносида) ўзида ўн икки хислат — фазилатни мужассам этмоғи керак, дейди. У “ўн икки” рақамига урғу беради. Сўнг ушбу фазилатларни бирма-бир таърифлаб чиқади. Шуниси диққатга сазоворки, ушбу таърифларни ўқиганда, бевосита Амир Темур сиймоси кўз олдингизда намоён бўлади. Гўё аллома ўзидан беш юз йиллар кейин дунёга келадиган авлоди – Соҳибқирон фазилатларини бирма-бир санаб ўтгандек... Тўғрироғи, бунинг сабабини Амир Темурнинг ўша рисолани ўқиб, рисоладагидек фозил раис, одил подшо бўлишга ҳаракат қилганлигидандир, деб билмоқ жоиз. Уни одилликка ундаган фазилатларга тўхталиб ўтсак.

Буюк донишманд файласуф Ал-Форобий “Фозил шаҳар кишиларининг қарашлари” рисоласида ёзишича, фозил раис даставвал тўрт мучаси соғ бўлсин, ҳар ишнингки илгини тутса, малолсиз адо эта олсин;

– иккинчидан, табиатан нозик, фаросатли, зийрак эканлиги туфайли суҳбатдош (раъият)нинг сўзу фикрларини тез илғаб оладиган бўлсин;

– учинчидан, кўрган-эшитган нарсаларини ҳамиша хотира кўзгусида сақлай олсин;

– тўртинчидан, идроки пок, зеҳни ўткир, зукко бўлсин;

–бешинчидан, ўз фикрини ўзгага равшан тушунтира олсин, лафзи тиниқ ва равон бўлсин;

– олтинчидан, билиму маърифатга меҳр қўйсин, толиқиш нима билмасин, ўрганиш заҳматларидан зинҳор қочмасин;

– еттинчидан, таом, май, аёллар бобида сабр-қаноатли бўлсин, қимордан қочсун, унинг роҳат-фароғатидан иргансин;

– саккизинчидан, ҳақиқатни ардоқласин, унинг тарафдорларини олқишласин, ёлғоннинг бетига қарамасин;

– тўққизинчидан, қалби мағрур бўлсин, ўз обрўйининг қадрига етсин, номус-ориятли эканлигини унутмасин, билсинким, унинг қалби табиатан разил ишлардан юксакда турадир, илло олийжаноб ишлар учун яратилгандир;

– ўнинчидан, дирҳам, динор сингари турмушнинг турфа афзалликларидан нафратлансин, мол-дунё кетидан қувмасин;

– ўн биринчидан, адолатни севсин, нафрат ўқини золимларга қаратсин, ўз одамларига ҳам, ўзгаларга ҳам бир хилда боқсин, барчани одилликка чақирсин, ноҳақлик туфайли етган зиённи собитқадамлик билан ундириб берсин, одил бўлсин, вале қайсар бўлмасин, ҳақ олдида ўзбошимчалик, ўжарликка эрк бермасин, аммо ҳар турли бедодлик ва қабиҳлик қошида иродасининг шижоатли кучини аён қилсин;

ва ниҳоят ўн иккинчидан, бирон бир юмушга илик сунса (яъни бирон ишни бошласа), ўша ишни қилмакни зарур топган бўлса, бас, журъатли, қатъиятли бўлсин, минбаъд қўрқиб-писиб қолмасин, жасурлигин аён этсин, шиддат кўргизсин…

Комил инсонга қўйиладиган ушбу фазилатлар таърифини бирма-бир Амир Темур ҳаёти пиллапояларини кузатган ҳолда, муқояса қилиб кўрилса, ажойиб манзаралар намоён бўлиши шубҳасиз. Улар мужассамини Амир Темур сиймосида кўра оламиз. Соҳибқирон узугида “Куч адолатдадир” сўзлари нақш қилинмиш эди. “Золимлардан мазлумлар ҳақини олдим”, дейди ўз “Тузуклар”ида.

Яхшиси, Амир Темур шахсига очиқчасига ғараз билан ёндашувчи араб тарихчиси Ибн Арабшоҳнинг қуйидаги таърифига диққат қилайлик: “...(Амир) Темур қанчадан-қанча даҳо ва хуфёна фикру заковатга эга эди... (Амир)Темур тенги йўқ феъл-атворли, чуқур мулоҳазали киши бўлиб, унинг тафаккур денгизининг қаъри йўқ… (Амир)Темур баланд қадли, узун бўйли, тик қоматли, гўё қадимий паҳлавонлар авлодларидан бўлиб, кенг пешонали, катта бошли, ғоятда кучли ва салобатли, ажойиб бўлалик, ранги оқу қизил юзли, лекин доғсиз, буғдой ранг эмас, қўл-оёқлари бақувват, елкалари кенг, бармоқлари йўғон, пойчалари семиз, қадди-қомати камолига етган, серсоқол, ўнг оёқ-қўли чўлоқ ва шол, икки кўзи бамисоли икки шамдек бўлса-да, шодлиги билинмас, овози йўғон эди; у ўлимдан қўрқмас, ёши етмишга етган бўлса-да, изтиробсиз, вазмин, бадани тўла ва пишиқ, ҳудди зич(қалин) тош мисоли қаттиқ эди. У ҳазил-мазах, ёлғонни ёқтирмас, ўйин-кулгию кўнгилхушликка майлсиз, гарчи сўзда ўзига озор етадиган бирор нарса бўлса ҳамки, садоқат унга ёқар эди; у бўлиб ўтган ишга азият чекмас ва ўзига ҳосил бўладиган ютуқдан шодланмас эди... Кўпинча унинг мажлисида уятсиз сўзлар, қон тўкиш, асир олиш, нақбу ғорат қилиш ва ҳарам(ҳақига) ҳақорат гаплар бўлмасди. У бехато (нишонга ургувчи) фикрли, ажойиб фаросатли, мислсиз даражада бахтли, улуғворлиги ўзига мувофиқ, қатъий азм билан сўзловчи, бошига кулфат тушганда ҳам ҳақгўй киши эди...”

Бу Ибн Арабшоҳ, зикр этилганидек, ғаразгўй тарихчининг таърифи эканлигини назарда тутсак, Амир Темурнинг комил инсон сифатида Абу Наср ал-Форобий қўйган талабларга тўла жавоб бера олишини англаймиз. Ростдан ҳам, файласуф келтирган мукаммал инсон таърифи ва Соҳибқиронни ўз кўзи билан кўрган муаррихнинг тасвирлари бир-бирига бағоят мос келади.

Гарчи бирон ерда Амир Темурнинг ушбу китобга муносабати ҳақида эслатилмаган эса-да, Соҳибқирон ҳам юқоридаги фикрдан мустасно эмас, у бу китоб билан шубҳасиз таниш, деган хаёлга боради киши. Зеро, Соҳибқирон ҳам ўз “Тузуклар”ида “ўн икки” рақамига кўп диққат қилади, “ўн икки тоифа”, “ўн икки тузук”, “ўн икки бурж”, “ўн икки ой”, “ўн икки амир” қабилида ибораларни ишлатади.

“Темур тузуклари”ни варақлаганда, Соҳибқироннинг “Фозил шаҳар кишиларининг қарашлари” китобидан бохабар эканлигини исботловчи яна бир ҳолни кузатиш мумкин. Юқорида таъкидлаганимиздек, Соҳибқирон ҳам “ўн икки” рақамини яхши кўради. “Мен, — дейди у, ўн икки нарсани ўзимга шиор қилиб олиб, салтанат мартабасига эришдим…” Ҳайратланадиган жойи шундаки, “ўн икки нарса”даги ҳамда “Салтанатни ўз эркимда сақлаш тузугим” бобидаги жуда кўп нуқталар Абу Наср ал-Форобий орзу қилган фазилатлар билан уйғунлашиб кетади. Масалан, подшоҳ ўз сўзига эга бўлиши лозим, ҳар нарсада адолатпеша бўлиши керак, адолатли вазирлар сақлаши даркор ва ҳоказо. “Учинчидан, ҳеч кимдан ўч олиш пайида бўлмадим… — дейди Соҳибқирон. —Тўртинчидан, очиқ юзлилик, раҳм-шафқат билан халқни ўзимга ром қилдим. Адолат билан иш юритиб, жабр-зулмдан узоқроқда бўлишга интилдим.”

“Салтанат корхонасининг тузуги”ни тузар экан, салтанат кишиларини ўн икки тоифага бўлади ва ҳар бир тоифанинг таърифини келтириб, вазифаларини белгилаб чиқади. Саййидлар, уламою шайхлар, эҳтиёткор арбоблар, дуогўй кишилар, амирлар, сарҳанглар, баҳодирлар, вазирлар, девон муншийлари, ҳакиму табиблар, мунажжиму муҳандислар, муқаддису машойихлар, орифлар, ҳунармандлар, савдогарлару саёҳатчилар ва ҳоказо кишилар ана шу ўн икки тоифани ташкил қилади. Амир Темур “Ўн икки табақа ва тоифадаги кишилар билан мамлакатларни забт” этганини таъкидлайди, агар ҳар қандай подшо ҳам шу ўн икки нарсага эга бўлмас экан, салтанатдан бебаҳра қолишини уқтиради. Албатта, бундай ишларни фақат Абу Наср ал-Форобий айтганидек, ўн икки фазилатга эга бўлган комил инсонгина амалга ошира олиши мумкин. Амир Темур ана шундай улуғ зот эди.

Юрт бошига келишдан аввал Амир Темур аждодлар тажрибасини чуқур эгаллаб, салтанатни пухта тузилган тузук ва низомлар асосида бошқариш сирларини ўрганган эди. Амир Темур давлати теп-текис ерда пайдо бўлмади, балки ўтмишда чуқур из қолдирган давлатларимиз давомчиси сифатида бўй-баст кўргизди, ўзбек давлатчилигининг юксак чўққиси сифатида намоён бўлди. Подшолик оғир меҳнат эканлигини англаб етган Соҳибқирон “азму жазм билан иш тутиб” қудратли давлат барпо этди. Буни Соҳибқирон “Тузуклар”да, “Салтанат тўнини кийгач, тинчлигу соғлигим кетди, ўз тўшагимда роҳатда ухлаш ҳузур-ҳаловатидан воз кечдим...”, деган самимий сўзлар билан ифодалайди.

Соҳибқирон Амир Темур мулку миллат йўлида фидойилик кўргизган чинакам халқ ичидан чиққан асл қаҳрамондир. У хон авлоди эмас, халқдан ўсиб чиққан ва буюк давлат тузган буюк арбоб. Бундай сиймони тарбиялаб вояга етказган халқ эса улуғ халқ, деб аталишга лойиқдир.

Муҳаммад АЛИ,

Ўзбекистон халқ ёзувчиси, профессор.