Депутат том маънода халқ вакили. Шу боис, у одамлар дардини тинглаши, уларнинг муаммоларию ташвишларини ҳал этиши, сайловчилар олдида берган ваъдаларини бажариши лозим. Одамлар ичига кирмасдан, улар билан мулоқот қилмасдан жойлардаги муаммоларни ҳал этиб бўлмайди.
Сўнгги тўрт йилда халқ орасига кириш, аҳоли билан яқиндан мулоқот ўрнатиш, одамларнинг дардини эшитиб, оғирини енгил қилишга кўмаклашиш халқ вакилларининг энг асосий вазифаларидан бирига айлангани бежиз эмас. Негаки, сайловчилар билан очиқ мулоқот йўлга қўйилган жойда фаровонлик ҳукм суради, тараққиёт бўлади, одамларнинг эртанги кунга бўлган ишончи янада ортади.
Шу сабабли депутатлик фаолиятим давомида кўпроқ халқ ичида юришга, аҳолининг яшаш шароитларини ўрганиб, аксарият муаммоларни жойида ҳал этишга алоҳида эътибор қаратиб келяпман. Чунки бугун одамларни қуруқ ваъдалар билан алдаб бўлмайди, уларга амалий натижалар керак. Демак, энди вақтни беҳуда ўтказмайслик ва кулгига қолмаслик учун фақат халқ ишончини қозониш, сайловчиларнинг кўнглига кириб боришимиз лозим.
Куни кеча Жарқўрғон тумани “Жинжактепа” маҳалласида жойлашган 42-сонли умумтаълим мактабида ўтказилган учрашувимизда ҳам ҳар бир мурожаатчи билан юзма-юз мулоқот қилиб, муаммоларни тингладик. Учрашувда туман сектор раҳбарларининг иштироки мавжуд муаммоларни жойида бартараф этишда ас қотди. Ўз навбатида, Президентимиз томонидан қабул қилинаётган фармон ва қарорлар, видеоселектор йиғилишларида белгилаб берилаётган муҳим вазифаларнинг ҳудуддаги ижросини ҳам ўргандик. Жойларда тўпланиб қолган масалалар юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берилиб, ижроси бўйича муддатлар белгиланди.
Мазкур учрашувларимиз давомида “Мингчинор” маҳалласидаги 52-сонли умумтаълим мактабида ҳам бўлиб, таълим муассасасида ўқувчилар учун яратилган шароитлар билан қизиқдик. Ўрганишларимиз чоғида мактаб биноси эски боғча учун мўлжаллангани, лекин ҳозирги кунда ундан мактаб сифатида фойдаланилаётгани, хоналар торлиги, синфхоналар етишмаслиги сабабли ўқувчилар 2 сменада таълим олаётгани аниқланди. Бу масала 2022 йилги Давлат дастурига киртилгани, мактаб биноси учун алоҳида жой ажратилиб, спорт зали билан биргаликда қуриб берилиши маълум қилинди.
Ўрганишларимиз Термиз туманида жойлашган 23-сонли умумий ўрта таълим мактабида давом этди. Учрашувда туман ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Ш.Раҳмонқулов, туман Бош вазир қабулхонаси ва Электр тармоқлари корхонаси раҳбарлари, маҳалла фуқаролар йиғини раислари иштирок этди.
Суҳбат ва мулоқотлар чоғида аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш, маиший хизмат кўрсатиш турларини кўпайтириш, фуқароларни тўлиқ суюлтирилган газ балонлари, электр энергияси, тоза ичимлик суви ва оқова сув билан таъминлаш бўйича бир қатор фикрлар билдирилиб, ушбу масалалар юзасидан мутасаддилар олдига вазифалар қўйилди.
Шунингдек, жорий йил 16 декабрь куни Президентимиз раислигида қишга тайёргарликда йўл қўйилган камчиликларни ҳал этиш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифалар ижроси ҳам ўрганилди. Аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш вазифалари муҳокама қилиниб, нарх-наво ошишининг олдини олиш бўйича тавсиялар берилди.
Ҳар бир инсон бахтли яшашни истайди ва унинг бунга тўла ҳақи бор. Шу нуқтаи назардан, инсоннинг ҳаётдан мамнун яшаши, фаровон турмуш кечириши учун халқ билан бирга бўлиб, одамларнинг дарду ташвишига шерик бўлишимиз керак. Буларсиз юртдошларимиз қалбида шукроналик, эртанги кунга ишонч туйғуларини мустаҳкамлаш қийин.
Фахриддин САМАТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик
палатаси депутати,
O'zLiDeP фракцияси аъзоси