Тадбирда вазирлик Ички аудит хизмати фаолиятининг йиллик натижалари сарҳисоб қилинди.

Маълум қилинишича 2021 йил давомида тизим таълим муассасаларида 91,1 млрд. сўмлик молиявий хато-камчиликлар, шундан 27,1 млрд. сўм (жами молиявий хато ва камчиликларнинг 30 фоизи) маблағ ўзлаштирилганлиги аниқланган.

Хусусан, Ҳисоб палатаси бошчилигида ўтган йили Андижон вилояти Андижон шаҳрида ўтказилган текширишда, ходимларнинг даромад солиғини Давлат буджетига ўтказмасдан, тизимда ишламайдиган бегона шахсларнинг пластик карталарига ўтказиш орқали 11,5 млрд.сўм маблағ ўзлаштирилганлиги аниқланган. (2020 йилда вазирлик томонидан Андижон шаҳрида 28,4 млрд. сўм маблағ нақд пул маблағларини кассага кирим қилмасдан ва ишламайдиган ходимларга тўлаш орқали ўзлаштирилганлиги аниқланиб, ҳуқуқ-тартибот органларига тақдим этилган эди).

Маълумот учун, 2020 йилнинг ҳисобот кўрсаткичларига нисбатан жами қонунбузилиш ҳолатлари (228,3 млрд. сўм) 1,5 бараварга, камомад ва ўзлаштириш ҳолатлари (70,7 млрд. сўм) 2,6 бараварга камайган.

Таркибида жиноят аломатлари бўлган 161 та 76 млрд. сўмлик ўрганиш материаллари ҳуқуқий баҳо бериш ва қонуний чоралар кўриш мақсадида ҳуқуқ-тартибот органларига тақдим этилган.

Шунингдек, тадбирда таъкидланишича, 2022 йилнинг 15 февралга қадар вазирлик томонидан мазкур йўналишда амалга оширилган тезкор чора-тадбирлар натижасида 142 млрд. сўмлик маблағлар мақбуллаштирилиб, бугунги кунда ушбу ишлар Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорат департаменти билан биргаликда давом эттирилмоқда.