Тизимни ўзгартиришни ўзимизни ўзгартиришдан бошладик

Институтнинг фақат номигина эмас, мақсад-вазифалари ҳам ўзгарди. Фаолият доираси кенгайди, шунингдек, жамоа таркиби янги-малакали кадрлар билан мустаҳкамланди. Институтнинг янги функционал вазифаларидан келиб чиқиб, Давлат хизматлари агентлигининг очиқ танлови орқали, суҳбат асосида, юқори салоҳиятли кадрларни танлаб олиш амалиёти йўлга қўйилди.

Институтнинг мақоми, мақсад ва вазифалари ўзгаргани унинг имиджида ҳам ўз аксини топди. Яъни, унинг рамзий белгилари ؅ — бренди ва логотипи қайта яратилди. Янги брендида институт номи билан узвий боғлиқ бўлган ўзбек маърифатпарвари Абдулла Авлоний шахси исмининг бош ҳарфлари АА, бонет ва перо белгилари акс эттирилган.

Институтимиз ўз фаолиятини “Шаффофлик, адолат, сифат ва ҳисобдорлик” шиори асосида ташкил қилиб, амалга оширилаётган ишлари ҳақида кенг жамоатчиликни ва, айниқса, кўп минг сонли халқ таълими ходимларини тезкор равишда хабардор қилиб туриш ва уларнинг фикрини ўрганиш ҳамда натижалар сарҳисобини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиб бориш ишларини йўлга қўйди.

Қисқа фурсатда институт фаолияти тўғрисидаги ахборот, эълон ва тезкор янгиликларни ёритиб борувчи  ўзбек, рус ва инглиз тилларидаги расмий веб-сайти — avloniy.uz ишга туширилди. Институт исталган оммавий ахборот воситаси учун очиқ ташкилотга айланди.

Институтимиз фаолиятидаги ўзгаришларнинг асосий мақсади халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимида мавжуд муаммоларни ўрганиш, уларни бартараф этиш юзасидан илмий асосланган таклифлар  ишлаб чиқиш, тизимда фаолият кўрсатаётган бошқа таълим муассасалари фаолиятини мувофиқлаштириш орқали халқ таълими ходимларининг узлуксиз касбий ривожланиш тизимини амалда жорий этишдан иборат бўлгани боис, белгиланган вазифалар ижроси муаммолар таҳлилидан бошланди.

Муаммолар ва уларнинг ечимлари

Институтнинг расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали кўп минг сонли халқ таълими ходимларининг қайта тайёрлаш ва малака ошириш тизими фаолиятига бўлган муносабати ўрганилди ҳамда ўрганиш натижалари илмий таҳлил қилинди.

Таҳлил натижалари мавжуд муаммоларнинг аксарияти малака оширишни ташкил этиш билан боғлиқлигини кўрсатди.

Халқ таълими ходимларининг умумий ва хусусан педагогик кадрлар малакасини оширишнинг совет даврида белгиланган ташкилий тамойиллари объектив муаммолар манбаи ҳисобланади. Ушбу тамойилларга мувофиқ, таълим муассасаларининг раҳбарлари 3 йиллик, педагогик ходимлар эса 5 йиллик даврийлик асосида 144 соатлик ўқув дастури бўйича, асосан, иш ва яшаш жойидан ажралган ҳолда малака оширишлари шартлиги белгиланган. Чунки, курслар вилоят марказларида жойлашган малака ошириш ҳудудий марказлари томонидан ташкил этилади. Бу эса малака ошираётган ўқитувчиларни бошқа ўқитувчилар билан алмаштириш, ўқитувчини оиласи ва яшаш жойидан йироқ кетиши, қўшимча молиявий харажатлар билан боғлиқ кўплаб муаммоларни келтириб чиқараётган эди. Шу сабабдан ҳам ўқитувчилар малака ошириш курсларига хоҳламасдан борар, илож топса бормасликка ҳаракат қилишарди.

Тадқиқотлар шунингдек, айрим ўқитувчиларда касбий билим ва кўникмаларнинг етишмаслиги билан боғлиқ субъектив муаммоларни ҳам кўрсатди. Бу эса касбий маҳоратни ошириш бўйича мустақил ўқиш, ўрганиш кўникмасининг етишмаслигидан далолат беради. Ходимларнинг касбий тайёргарлик савиясини ўрганиш учун тасодифий тарзда танланган ўқитувчилар ва мактаб раҳбарларининг ярмидан кўпи мутахассислик (ўқитувчилар) ва бошқарув (мактаб директорлари) бўйича жуда саёз билимга эга эканликлари маълум бўлди.

Субъектив тавсифга эга бўлган ушбу муаммонинг келиб чиқиши юқорида қайд этилган объектив муаммонинг салбий таъсири билан изоҳланади. Ўқитувчилар ва мактаб директорларининг ёмон кўрсаткичлари нафақат ўз-ўзини такомиллаштиришга интилишнинг етишмаслиги, балки халқ таълими муассасалари ходимлари малакасини ошириш даврийлиги билан ҳам боғлиқ. 3–5 йил даврийликда амалга ошириладиган малака ошириш курси таълим соҳасидаги билимлар янгиланишининг замонавий суръатларига муносиб тайёргарликни таъминлаб беролмайди. Курсларда олинган билимлар тезда эскиради, бу эса ўқитувчиларнинг тараққиётдан орқада қолишига ва ўқитиладиган фани, ўқитиш методикаси ва таълим технологиялари билан боғлиқ янгиликлардан бехабар бўлиб қолишига олиб келади.

Юқоридаги муаммолар ва уларнинг келиб чиқиш сабаблари юзасидан олинган тадқиқот натижалари мамлакатимиз раҳбарияти томонидан малака ошириш тизимини даврийликдан узлуксиз фаолиятга ўтказиш, яъни халқ таълими ходимларининг даврий малака оширишдан узлуксиз касбий ривожлантиришга ўтказиш бўйича белгиланган вазифаларнинг қанчалик долзарб эканлигини яна бир бор исботлади.

Муаммолар ва уларни келтириб чиқарувчи сабабларни ўрганиш натижаларини илмий таҳлил қилиш асосида халқ таълими ходимларининг малакасини ошириш тизимини даврийликдан “Ҳаёт давомида ўқиш” тамойилига асосланган ҳолда узлуксиз касбий ривожланиш тизимини жорий этиш механизмлари ишлаб чиқилди. Ушбу механизм халқ таълими ходимларини ҳар йили малака оширишга жалб қилиш ва бунда педагог ходимларни камида 36 соат, раҳбар ходимларни эса 30 соат ўқитишни назарда тутади. Малака оширишнинг ташкилий шакл ва воситаларини ҳам замонавий ахборот коммуникация технологиялардан фойдаланган ҳолда кенгайтириш, такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилди.

Аюбхон РАДЖИЕВ,

Абдулла Авлоний номидаги Халқ таълими муаммоларини ўрганиш

ва истиқболларини белгилаш илмий-тадқиқот

институти раҳбари