Битирув тадбирларида турли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, ҳокимлар қатнашди. Ёшларни келажакка руҳлантирувчи тилаклар айтиб, мустақил ҳаётга илк қадами қутлуғ бўлишига хайрихоҳлик билдирди. Бу, аввало, юртимизда ёшлар масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётганининг ёрқин намунасидир. Шунингдек, Ўзбекистон ёшлари келажагига масъуллик ҳисси барчага дахлдор эканидан далолат беради.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Нукус шаҳридаги 2-информатика ва ахборот технологиялари фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида ўтказилган сўнгги қўнғироқ тадбирида иштирок этди, дея хабар беради “Янги Ўзбекистон” мухбири Минажатдин ҚУТЛИМУРАТОВ.
Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикаси халқ таълим вазирлиги тасарруфидаги 727 та умумтаълим мактабининг 11-синфини 24 минг 136 ўқувчи битирмоқда.
— Бугун ҳаётингизда энг қувончли кун. Тарихда биринчи марта Президентимиз барча битирувчиларга табрик йўллади, — деди Ш.Шерматов. — Бундай ҳодиса олдин бўлмаган. Бугунги шароитни ҳам олдин ҳеч ким тасаввур қилиб кўрмаган. Ҳозир ёшларимиз учун бир вақтнинг ўзида бештагача олий таълим муассасасида танловларда иштирок этиш имконияти яратилди. Президентимизнинг эзгу ниятларини сизга етказаётганимдан мамнунман.
— Ёш авлод вакили сифатида давлатимиз томонидан биз, ёшларга яратилаётган имкониятлардан фойдаланиб, имтиёзли асосда олий таълим муассасасига ўқишга қабул қилиняпман, — дейди 11-синф ўқувчиси Нилуфар Аяпова. — Келажакда етук инсон бўлиб камол топишим учун бор билим ва салоҳиятимни ишга соламан. Биз, ёшлар зиммасига учинчи Ренессансга пойдевор қўйишдек юксак вазифа юкланган экан, замонавий талаблар асосида таълим-тарбия олиб, халқимизнинг равнақи йўлида меҳнат қилишга тайёрмиз.
Айни пайтда мамлакатимизда 14 та информатика ва ахборот технологиялари фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби мавжуд. Уларда келажак дастурчилари етишиб чиқади. IT соҳасига ихтисослаштирилган мазкур мактабда 30 нафар ўқувчи тест синовларидан ўтиб, таълим-тарбия олмоқда.