Вазирлик, аввало, бу масалада куюнчаклик билан билдирилаётган турли фикр-мулоҳазаларнинг жуда ўринли эканини таъкидлаб, берилаётган кўрсаткичлар барча тест синовларида қатнашган 1 миллиондан ортиқ абитуриентларнинг натижалари эканига ҳам эътиборни қаратиш лозимлигини билдирган.
Шунингдек, бир қатор таҳлилий ҳолатларни келтирган:
- 2022 йилги тест синовларида иштирок этган жами абитуриентларнинг 386 523 нафари ёки 24 фоизи жорий йилги мактаб битирувчиларини ташкил этади. 810 мингдан ортиқ ёки 76% абитуриентлар касб-ҳунар мактаблари, академик лицейлар битирувчилари ва энг асосий қисми олдинги йиллар давомида олий таълим муассасаларига қабул қилинмаган ёшлардан иборат.
- 2021 йилда битирувчиларнинг ўртача бали (самарадорлик кўрсаткичи) 2020 йилга нисбатан 69,8 баллдан 74,9 баллга, яъни+5.1 баллга ошган. Шунингдек, паст натижа кўрсатган (56,7 баллдан кам) битирувчиларнинг улуши 2021 йилда 2020 йилга нисбатан қарийиб -13% ёки -35 232 нафарга камайган.
Жумладан, 2020 йилда 56.7 баллдан паст натижа кўрсатган битирувчи-ўқувчилар 138 780 нафар (ёки 46%)ни ташкил қилган бўлса, 2021 йилда бу кўрсаткич 103 548 нафар (ёки 33%)ни ташкил этган.
"2022 йилги мактаб битирувчиларининг тест синовларида эгаллаган ўртача балл кўрсаткичлари Давлат тест маркази томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида жорий йилнинг октябрь ойида тўлиқ таҳлил этилади ва жамоатчиликка етказилади", дея қўшимча маълумот берилган.