Сабаби анъанавий таълимда болада танқидий ва ижобий фикрлаш, муоммони ҳал қилиш, жамоа бўлиш каби қатор компетенциялари юқори шаклланмас эди. Бугунги кун педагоглар жамоасидан таълимни интерфаол усулда ташкил этишни ва ўқувчиларга замон талабларига мос билим беришни тақозо этмоқда. Бунда педагогларнинг ўз касбий малакасини ошириб бориши муҳим аҳамиятга эга.
Муваффақиятли таълим тизимларида ўқитувчиларнинг касбий маҳоратини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилади. Мисол тариқасида Норвегияда ўқитувчининг йиллик иш вақтининг 6 куни малака ошириш учун ажратилса, Японияда бу кўрсатгич 10 кунни, Сингапурда 12, Шанхайда 33 кунни ташкил этади.
Эътиборлиси, ўқувчиларининг таълимдаги ютуқларини баҳолашга қаратилган халқаро PISA тадқиқотларида Шанхай, Сингапур, Япония юқори ўнталикка киришини ҳисобга олсак, ўқитувчининг малака ошириши ва ўқувчиларининг таълимдаги ютуқлари ўртасида узвий боғлиқлик бор.
Илгари ҳар беш йилда ҳудудий малака ошириш марказларида мажбурий 144 соатлик малака ошириш курслари педагогларнинг таълим эҳтиёжларини тўлиқ таъминламасди. Бу муоммоларнинг ечими сифатида Президентимизнинг 2020 йил 6 ноябрда имзолаган “Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони малака ошириш тизимининг “Ҳаёт давомида ўқиш” тамойили асосида такомиллаштириш ва педагогларнинг ўзи танлаган таълим муассасаларига малака ошириш имконини яратди.
Бугунги кунда педагогларининг касбий маҳоратини ошириш, уларга методик кўмак бериш мақсадида Самарқанд вилояти халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий маркази профессор-ўқитувчилари томонидан ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Педагогларининг қишки таътил кунларини самарали ўтказиш ҳамда бугунги пандемия шароитида ҳам уларга методик тавсиялар бериш мақсадида вилоятдаги барча фан ўқитувчиларининг таклифларидан келиб чиққан ҳолда йил бошидан буён ҳафтада 6 кун мобайнида Zoom платформаси орқали онлайн дарслар, вебинарларда марказ профессор-ўқитувчилари ОТМ ҳамда илғор тажрибали олий тоифага эга бўлган умумтаълим мактабларининг ўқитувчилари билан дарслар ташкил қилинмоқда. Масалан, Тилларни ўқитиш методикаси кафедраси профессор-ўқитувчилари томонидан, Самарқанд Давлат университети рус филологияси факультети профессор-ўқитувчилари ҳамда “КЛАСС!” “ЗЎР!” лойиҳаси доирасида фаолият олиб бораётган россиялик ўқитувчилар ҳамкорлигида Zoom платформаси орқали онлайн-вебинар ташкил этилди.
Мазкур онлайн-вебинарда Тилларни ўқитиш методикаси кафедраси доценти Д.Х.Алимова “Формирование межкультурной компетенции учащихся на уроках русского языка и литературы” мавзусида, СамДУ Рус тили кафедраси мудири К.А.Дубровская “Применение инновационных методов, развивающих критическое мышление учащихся, на уроках русского языка в школах Узбекистана” мавзусида, “КЛАСС!” “ЗЎР!” лойиҳаси доирасида фаолият олиб бораётган россиялик ўқитувчи Т.З.Коломиец “Практика преподавания русского языка как иностранного” мавзусида маъруза ва амалий машғулотларни ташкил этишди.
Бундан ташқари, Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ва Самарқанд вилояти халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий марказининг 2021 йил 6 декабрдаги 165- 108- сонли қўшма буйруғи асосида марказ профессор-ўқитувчилари томонидан ўтган йилнинг биргина декабрь ойида вилоятнинг чекка-чекка ҳудудларидаги педагоглар учун барча фанлардан 18 соатлик 19 та манзилли, сайёр, қисқа муддатли курслар ва халқаро баҳолаш тадқиқотларига доир 10 ортиқ бепул қисқа муддатли курслар ташкил этилди. Ушбу курсларда 600 нафарга яқин тингловчилар бепул ўқитилди. Бундай курсларни кўпайтириш юзасидан ўқитувчилар томонидан таклифлари билдирилди.
Шу ўринда бир савол: хўш, ушбу курсларнинг бошқа курслардан фарқли жиҳати нимада эди?
Ушбу курсларнинг бошқа курслардан фарли жиҳати шундаки, атрофимиздаги бор нарсалардан унумли фойдаланиш, яъни биология ҳамда кимё фанидан ташкил этилган курслар давомида олис ҳудудлардаги имкониятлар ҳисобга олиниб, оддий, топилиши осон деталлар орқали (масалан, оддий пахта, сув, тупроқ, шунга ўхшаш) ҳамда ўрганилаётган методлар ва ёндашувлар борасида бошқа мактаблардаги фаолият олиб бораётган ҳамкасблари билан ўзаро фикр алмашиш имкониятига эга бўлишди.
Мухтасар қилиб айтганда, қисқа муддатли курс натижалари таҳлили шуни кўрсатадики, педагогларининг ўтилган дарслар ҳақидаги фикрлари ижобий. Аксар ўқитувчилар ушбу курслар уларга мотивация бериб, ўз устида ишлашга, изланишга ундаётганини ҳамда аттестация жараёнларида олган билимлари қўл келаётганини таъкидлашмоқда. Шу боис жорий йилда педагоглар томонидан билдирилган таклифлар таҳлил қилинди. Уларнинг касбий эҳтиёжлари аниқланиб, мазмунига мос равишда қисқа муддатли курслар сони 2, 3 бараварга кўпайтирилади.
Асила Ибрагимова,
Самарқанд вилояти халқ талими ходимларини
қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш
ҳудудий маркази матбуот котиби