Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази Халқаро илмий ҳайъатининг навбатдаги онлайн мажлиси Халқаро илмий ҳайъатга янги раис тайинлаш, 2021 йилда Марказ томонидан амалга оширилган ишлар, шу йил 26 май куни ўтказилиши режалаштирилаётган “Мотуридийлик таълимоти ва ҳозирги замон” мавзуидаги II халқаро онлайн илмий-амалий симпозиумга тайёргарлик кўриш, мотуридийлик таълимотига оид замонавий тадқиқотларни саралаш, ўзаро ҳамкорликда илмий семинар ва ўқув курсларини ташкил этиш, ходимлар алмашинувини йўлга қўйиш, мусулмон мамлакатлари университетларида Имом Мотуридий номида кафедралар очиш каби муҳим ва долзарб масалалар муҳокамасига бағишланди.

Мажлисда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров ҳайъат аъзолари томонидан бир овоздан Халқаро илмий ҳайъатнинг янги раиси этиб сайланди. Муфтий ҳазратлари ушбу масъулиятли вазифани қабул қилиб олар экан, Халқаро илмий ҳайъат аъзолари бўлган етук олим ва мутахассислар билан битта мақсад йўлида фаолият олиб бориш ўзи учун юксак шараф экани, ҳайъат Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимотини ўрганиш ҳамда кенг тарғиб қилишда улкан муваффақиятларга эришишига қатъий ишонишини таъкидлаб ўтди.

Халқаро илмий ҳайъат аъзолари таркибида Босния собиқ муфтийси Мустафо Черич, мисрлик илоҳиётшунос олим Аҳмад Даманҳурий, хориж олийгоҳлари профессорлари, исломшунос олимлар, IRCICA ташкилоти бўлим бошлиғи профессор Аширбек Мўминов ҳамда ўзбекистонлик исломшунос мутахассислар қатнашиб, ўзаро фикр-мулоҳаза алмашдилар.

Хусусан, ал-Азҳар мажмуаси Ислом тадқиқотлари академияси бош котиби доктор Муҳаммад Назир Айяд бугунги кунда Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимотини ўрганиш ва тарғиб қилиш юзасидан ҳамкорлик қилиш, жумладан, анжуманлар, илмий семинарлар, давра суҳбатлари, ўзаро тажриба алмашинувини йўлга қўйиш, мусулмон мамлакатлари университетларида Имом Мотуридий номи билан аталган кафедраларни ташкил этиш зарурати ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.

— Мажлиснинг кун тартибига киритилган масалалар билан яқиндан танишиб чиқдим. Ўйлайманки, ушбу масалалар Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказининг келгусидаги истиқболи учун муҳим аҳамиятга эга ҳисобланади. Ушбу марказ бутун дунёга мотуридийлик таълимотини кенг тарғиб қилувчи етакчи илмий-тадқиқот муассасаларидан бирига айланишига ишончим комил, — дейди Малайзия Ислом илмлари университети профессори Камолуддин Нурдин Маржуний.

Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази Мотуридийлик таълимоти тадқиқотлари бўлими бошлиғи Абдуллатиф Аллоқуловнинг таъкидлашича, Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳнинг “Таъвилоту аҳли ас-сунна” (“Суннат аҳлининг изоҳлари”) асари таржимасини Марказнинг энг салмоқли иши сифатида кўрсатиш мумкин.

Мажлис якунида Марказ томонидан амалга оширилган ишлар Халқаро илмий ҳайъат аъзолари томонидан юқори баҳоланди. Шунингдек, бу борадаги ишларни янада жадаллаштириш ҳамда янги босқичга олиб чиқиш юзасидан истиқболли режалар кўриб чиқилиб, келгусида ўзаро илмий ҳамкорликни янада кенгайтириш, ҳайъат йиғилишини доимий тарзда ўтказиб бориш зарурлиги таъкидланди.

Муножат Мўминова,

“Янги Ўзбекистон” мухбири