Ўзи ўрганган тил воситасида бошқа мамлакатлар илм-фанининг илғор ютуқларини тадқиқ этиб, уларни ўрганиш, хорижлик шоиру ёзувчилар, олимларнинг асарларини аслиятда ўқиш, тушуниш имкониятига эга бўлади. Шу боис, мамлакатимизда чет тиллар ўқитиладиган олий таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ўқитувчилар малакасини ошириш, хорижий тилларни ўқитиш сифатини, ана шу йўналишдаги ўқув марказлари фаолиятини кучайтириш ҳамда юқори малакали педагогларнинг маошини кўпайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Айтиш жоизки, мазкур йўналишда белгиланаётган вазифалар рўёбида Ҳаракатлар стратегияси ҳамда унинг асосида ҳар йили қабул қилинаётган давлат дастурлари муҳим аҳамият касб этмоқда.

Хусусан, 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар страте- гиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 159-бандида Халқаро таълим дастурлари (имтиҳонлар) бўйича энг юқори балл тўплаган иқтидорли ёшларга имтиҳон топшириш харажатларини тўлиқ қоплаб бериш тартибини йўлга қўйиш билан боғлиқ вазифалар белгиланган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 13 апрелдаги “Халқаро имтиҳон тизимлари бўйича юқори балл (даража) тўплаган ёшларга имтиҳон топшириш харажатларини тўлиқ қоплаб бериш тартибини жорий этиш тўғрисида”ги қарори билан Давлат дастурининг мазкур банди ижроси таъминланди.

Қарорга мувофиқ, Ёшлар ишлари агентлиги томонидан 18 турдаги халқаро имтиҳон тизими бўйича юқори балл (даража) олган ёшларга имтиҳон топшириш харажатлари тўлиқ қоплаб берилади.

Яъни 5 турдаги — IELTS, TOEFL, GRE, GMAT, SAT халқаро имтиҳон тизимларидан юқори балл олганларга 2021 йил 1 майдан бошланган бўлса, инглиз, немис, француз, испан, италян, турк, корейс, япон, хитой, араб, рус тиллари бўйича имтиҳонларда энг юқори балл тўплаганларга имтиҳон топшириш харажатлари 2022 йил 1 январдан қоплаб берилади.

Мазкур қарорда имтиҳон топшириш харажатлари компенсация қилиниши учун тўпланиши лозим бўлган юқори баллнинг (даражанинг) минимал кўрсаткичи берилган. Мисол учун, IELTS халқаро имтиҳон тизимида энг юқори кўрсаткич — 9 даража бўлса, имтиҳон топшириш харажатлари тўлиқ қоплаб берилиши учун имтиҳон топширувчи камида 7 даражани қайд этиши лозим.

Қарорга кўра, имтиҳон бўйича юқори балл (даража) олган ёшларга имтиҳон топшириш харажатларини тўлиқ қоплаб бериш бўйича давлат хизмати кўрсатиш учун давлат хизматлари марказлари ариза берувчи келиб мурожаат этганда унинг номидан сўровномани тўлдириб, Ёшлар ишлари агентлигига юборади. Агентлик махсус сертификатни верификациядан ўтказади ёки унинг ҳақиқийлигини масъул ваколатли хорижий ташкилот орқали тасдиқлатиб олади.

Ҳақиқийлиги тасдиқланган махсус сертификат эгаси бўлган ариза берувчиларнинг электрон реестрини шакллантиради, унга мувофиқ компенсация маблағларини Ўзбекистон Республикаси акциядорлик тижорат Халқ банкининг ҳисобварағига ўтказади ва хизмат натижаси бўйича ариза берувчига СМС хабар юборади.

Жорий йил 6 июнь ҳолатига кўра, 5 та халқаро имтиҳон тизими бўйича Ёшлар ишлари агентлигининг масъул бошқармасига 461 нафар ёшдан ариза келиб тушган. Улар таҳлил қилинганда, аризачиларнинг 171 нафари махсус сертификатни қарор кучга кирган санадан олдин олгани сабабли рад этилган. 290 нафар аризачининг жами 523 миллион 405 минг 869 сўм миқдоридаги имтиҳон харажатлари етказиб берилмоқда.

Таъкидлаш лозимки, аризаларнинг 142 таси Давлат хизматлари марказлари орқали, 319 таси мус тақил равишда my.gov.uz портали орқали юборилган.

— IELTS бўйича имтиҳон топшириб, 7 даражани қайд этишга муваффақ бўлдим, — дейди Тошкент шаҳридаги 135-умумий ўрта таълим мактаби битирувчиси Муҳаммадамин Исмоилов. — Ҳукумат қарори ҳақида эшитган эдим. Шу боис, мазкур натижага эришганимдан сўнг икки ҳисса қувондим. Отам имтиҳон харажатлари учун деярли 1 миллион 800 минг сўм тўлаган эди. Вазирлар Маҳкамаси қарорига мувофиқ, Давлат хизматлари марказига мурожаат қилдик, харажатларимиз тўлиқ қоплаб бериладиган бўлди. Бу йил Тошкент давлат юридик университетига ҳужжат топширмоқчиман. Шунинг учун имтиҳонга пухта тайёргарлик кўряпман.

Мухтасар айтганда, халқаро имтиҳон тизимлари бўйича юқори балл (даража) тўплаган ёшларнинг харажатлари давлат ҳисобидан қоплаб берилаётгани уларнинг тил ўрганиш йўлидаги меҳнатларини рағбатлантириш билан бирга, янада юксак ютуқларни қўлга киритишга илҳомлантиради.

Шаҳзод ҒАФФОРОВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбири