Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида, жорий йил 30 апрелда Халқаро кураш институти томонидан, Жанубий-шарқий Осиё мамлакатлари кураш федерацияларининг кураш мураббийлари ва ҳакамлари учун халқаро онлайн семинари бўлиб ўтади.
— Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида қадимий қадриятларимизнинг узвий боғичи, маданий меросимизнинг ажралмас бир қисми бўлган миллий кураш сўнгги йилларда янада ривожланиб, такомиллашиб боряпти, – дейди Халқаро кураш институти ректори Ҳабибулло Тожиев. – Айниқса, давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 4 ноябрдаги «Кураш миллий спорт турини ривожлантириш ва унинг халқаро нуфузини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори миллий курашни янада юксалтиришда муҳим ҳужжат бўлди. Президентимизнинг бевосита ғамхўрлиги ва ташаббуси билан ташкил этилган Кураш Халқаро институти эса, ўзбек спорти бренди номи билан курашнинг жаҳон аренасидаги ролини ошириш, ёшларнинг миллий спортга бўлган қизиқишларини қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш борасида бир қанча дастуриламал вазифаларни амалга ошириб келяпти. Шу билан бирга, Кураш Халқаро институти миллий курашни бутун дунёга кенг тарғиб қилиб, оммалаштириб, ривожлантиради, ҳамда етарли билим ва тажрибага эга мутахассислар, мураббийлар, ҳакамлар ва инструкторларни етказиб беради. Жумладан, кураш бўйича малакали мутахассисларни профессионал даражада тайёрлаш, ўқув-методик қўлланмаларни ишлаб чиқиш, аҳоли ҳамда оммавий ахборот воситалари орқали миллий курашимизни кенг тарғиб қилиш борасидаги бир қатор вазифа ва кенг кўламли чора-тадбирларни амалга ошириб келади. Мазкур семинарни ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад эса, шу йил 12-23 май кунлари Вьетнам пойтахти Ханойи шаҳрида, Жанубий-шарқий Осиё мамлакатлари ўртасида ўтказиладиган, “SEA Games ўйинлари»да иштирок этувчи барча кураш жамоаларининг тайёргарлик руҳини янада ошириш, мусобақаларни юқори савияда ўтказиш учун ҳакамлар ва мураббийларни профессионал даражада тайёрлаш мақсадида ташкиллаштирилди.
Халқаро кураш ассоциацияси томонидан уюштирилган семинарда, Халқаро кураш ассоциацияси, Италия кураш федерацияси, Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон спортни ривожлантириш вазирлиги, Халқаро кураш институти мутасадди раҳбарлари, ХКИ масъул ходимлари, ОАВ вакиллари ҳамда, ZOOM платформаси орқали, Осиё мамлакатлари кураш федерацияларининг 50 дан зиёд мураббийлари ва мутахассислари онлайн иштирок этади.
Семинарда Вьетнам, Индонезия, Малайзия, Сингапур, Таиланд, Хитой Тайпей, Жанубий Корея ва бошқа жанубий-шарқий Осиё мамлакатлари кураш федерацияларининг кураш мураббийлари ва мутахассислари ўз билим ва тажрибаларини янада оширдилар.

Дарҳақиқат, Халқаро Кураш Институти томонидан мунтазам равишда ўтказиб келинаётган халқаро семинарлар, ўқув-амалий машғулотлар, замонавий мастер-класс дастурлари, тажрибали кураш мутахассисларини тайёрлаш ва доимий тарзда малакасини ошириб бориш йўлида муҳим аҳамият касб этади. Эртага пойтахтимизда Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари кураш федерациялари мутахассислари учун ўтказиладиган семинар эса олиб борилаётган дастуриламал ишларнинг узвий бўлагидир. Халқаро семинар тафсилотлари ҳақида эса, эртага батафсил тўхталиб ўтамиз.
Гуличеҳра Дурдиева,
«Янги Ўзбекистон» мухбири.