Ўзбекистон миллий паралимпия қўмитасининг юртимизда ногирон ва имконияти чекланган инсонларни катта спортга кенг жалб этиш, улар ўртасида оммавий спортни ривожлантириш, жаҳон майдонларида Ватанимизнинг шаънини муносиб ҳимоя қиладиган матонатли спортчиларни тайёрлаш борасидаги кенг кўламли саъйи-ҳаракатлар билан бир қаторда халқаро алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш борасида амалга оширилаётган тизимли ишлар қўмитанинг халқаро майдондаги обрў-эътибори юксилишига хизмат қилмоқда.

Куни кеча Ўзбекистон миллий паралимпия қўмитаси раиси Мухторхон Тошхўжаевга Халқаро паралимпия қўмитаси(IPC) президенти Эндрю Парсонс Ўзбекистонга расмий ташриф билан келиши бўйича мактуб ва ўз дастурини йўллади.

Дастурга биноан Халқаро паралимпия қўмитаси(IPC) раҳбари Эндрю Парсонс жорий йилнинг 29 сентябрь – 2 октябрь кунлари Ўзбекистонга ташриф буюради.

Айтиш лозимки, Токиода Ўзбекистон миллий паралимпия қўмитаси раиси М. Тошхўжаев Халқаро паралимпия қўмитаси президенти Эндрю Парсонс билан икки ташкилот ўртасидаги алоқаларни янги босқичга кутариш масаласида музокаралар ўтказганди.

Маълумки, 2017 йилдан бери IPC президентлигини бажариб келаётган бразилиялик Парсонс жанобларининг Ўзбекистонга илк бор бўладиган тарихий расмий ташрифи доирасида бир қатор учрашувлар, қисқа фурсатда бунёд этилган спорт ва маданият мажмуалари, меҳмонхоналар ҳамда яратилаётган инфратузилмалар юртимизнинг диққатга сазовор жойлари билан яқиндан танишиш белгиланган.

Халқаро паралимпия қўмитаси(IPC) президенти Эндрю Парсонс иштирокида Тошкентда  кенгайтирилган конференция ўтказилиши режалаштирилган

Ташриф Дастурининг асосий мавзуларидан яна бири Халкаро паралимпия қўмитаси президенти Эндрю Парсонс билан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Туризм ва спорт вазири А.Абдуҳакимов ва Ўзбекистон миллий паралимпия қўмитаси раиси М. Тошхўжаевнинг мамлакатимизда паралимпия спорт турлари бўйича нуфузли мусобақалар ўтказиш ҳамда Халқаро паралимпия қўмитаси билан Ўзбекистон миллий паралимпия қўмитасининг ҳамкорлик масалалари борасида расмий учрашуви ўтказилиши белгиланган.