Олий таълим муассасасининг халқаро рейтинг агентликлари нуфузли университетлари рўйхатига кириши ва юқори поғоналардан ўрин эгаллашининг аҳамияти нимада? Замонавий глобаллашув даврида жаҳон таълим бозорида рақобатбардош, юқори сифатли таълим хизматларини кўрсатиш маркетингнинг ўзига хос туридир. Ҳозир бошқа давлатларда таълим олишни режалаштирган талабгорларнинг 37 фоизи айнан халқаро рейтинг агентликларининг нуфузли университетлари рўйхатидан фойдаланиб, ўзи хоҳлаган давлатда, хоҳлаган йўналиш ва ихтисосликка нисбатан сифатли  таълим берувчи олий таълим муассасасини танлаши қайд қилинади.

Айни пайтда дунёда 20 дан ортиқ етакчи рейтинг агентлиги фаолият юритади. Улар орасида World University Rankings THE, QS World University Ranking ва THE Academic Ranking of World Universities (ARWU) рейтинг агентликлари нисбатан юқори нуфузга эга. Олий таълим муассасаси фаолиятини рейтинг баҳолаш тизими, халқона айтганда, ОТМларни ишлаб чиқилган махсус услубият — индикаторлар элагидан саралаб ўтказишдан иборат. Албатта, бу жараёнда ҳар бир рейтинг агентлиги фойдаланувчи услубият умумий жиҳатлар билан бирга айрим хусусий, фарқланувчи ҳолатларга ҳам эга.

Масалан, етакчилардан бири сифатида тан олинган Times Higher Education рейтинг агентлигининг Times Higher Education World University Ranking — THE рейтинг натижалари дастлаб “THE-QS” бренди остида 2004 йили эълон қилинган. 2010 йилдан бошлаб THE WUR янги ишлаб чиқилган услубият асосида мустақил фаолият юрита бошлаган ҳамда ҳар йили “Times Higher Education magazine” журнали билан ҳамкорликда ОТМлар рейтингини эълон қилишни йўлга қўйган.

Бунда дастлаб рейтингни баҳолаш “Thomson Reuters” компанияси билан, 2015-2016 йилдан бош лаб эса “Elsevier” компанияси билан ҳамкорликда, ўз навбатида, “Scopus” халқаро илмий-техник маълумотлар базасидан фойдаланган ҳолда ўтказилган. Деярли барча халқаро рейтинг агентликларининг нуфузли ОТМлар рейтингини аниқлаш услубиятида айнан олий таълим муассасаси профессор-ўқитувчилари томонидан амалга оширилаётган илмий тадқиқотлар натижаларининг амалиётга жорий этилишидан олинган даромад индикатори муҳим аҳамиятга эга.

Шу нуқтаи назардан Президентимизнинг 2021 йил 24 декабрдаги “Давлат олий таълим муассасаларининг академик ва ташкилий-бошқарув мустақиллигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, мамлакатимиздаги баъзи давлат олий таълим муассасаларига молиявий мустақиллик тақдим этилгани ижобий воқеа бўлди.

Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 8 октябрдаги фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида олий таълим муассасаларида илмий тадқиқот ишлари натижадорлигини ошириш, ёшларни илмий фаолиятга кенг жалб этиш, илм-фаннинг инновацион инфратузилмасини шакллантириш мақсадида ОТМларда таълим, фан, инновация ва илмий тадқиқотлар натижаларини тижоратлаштириш узвий боғлиқлигини назарда тутувчи “Университет 3.0” концепциясини босқичма-босқич жорий этиш назарда тутилган.

“Университет 3.0” концепциясига ўтиш нимани англатади?

Олий таълим тизимимиздаги узоқ йиллик амалиёт натижаси шуни кўрсатдики, фақат конвейер типида дипломли кадрлар тайёрлашга зўр бериш туфайли битирувчиларнинг бозор иқтисодиёти шароитида рақобатбардошлик даражаси пасайиб кетиши кузатилди. Мазкур салбий ҳолатни бартараф этиш учун ОТМлар фаолиятини таълим бериш, илмий тадқиқотлар олиб бориш ва уларнинг натижасини тижорийлаштириб, даромад олишга йўналтириш орқали молиявий мустақилликни мус таҳкамлаш имконини берувчи “Университет 3.0” концепциясига ўтиш асосий мақсад сифатида белгиланди.

Биз ҳаёт кечираётган юксак ахборот асрида замонавий технологияларнинг дунё бўйлаб яшин тезлигида тарқалиши туфайли баъзи йўналиш ва ихтисосликларга талаб пасайиши, “ақлли”, IT технологиялар бўйича мутахассисларга талаб кескин ортиши кузатилмоқда. Ўз навбатида, ҳозирги ОТМ бозор иқтисодиёти қонуниятларига мос равишда қадам ташлай олиши, таълим бозорида қатъий маркетинг стратегиясига эга бўлиши, трансформацион ўзгаришларга тайёр туриши талаб этилади.

Мазкур йўналишда мамлакатимиз ОТМларида профессор-ўқитувчилар, тад қиқотчи ва талабаларда инновацион тадбиркорлик кўникмаси ва малакасини шакллантириш учун технопарк, форсайт, технологиялар трансфери, стартап, акселератор марказларини очиш, стартап лойиҳалар, илмий тадқиқот натижаларини амалиётга жорий этиш билан шуғулланувчи “spin-off” ва “spin-out” корхоналарини ташкил этишга алоҳида урғу берилмоқда.

Рейтингда юқори ўрин эгаллаш нима учун керак?

Дунё миқёсида таълим маконида ўқитиш хизматларини таклиф этаётган муассасаларнинг аксарияти айнан хусусий ОТМлардан иборат. Табиийки, бу ўринда олий таълим муассасасининг ўзини ўзи молиялаштириши масаласи асосий аҳамият касб этади. Шу ракурсдан қаралса, олийгоҳлар жамоаларида хорижлик талабаларни жалб қилиш, ўз навбатида, фаолиятини такомиллаштириш ва кенгайтириш имконини берувчи потенциал инвестицияга эга бўлиш истаги туғилади.

Бироқ табиат ва жамиятнинг қаттиққўл қонунияти — “яшаш учун кураш” давомида нафақат етакчи бўлиш, балки ўз ўрнини топиш ҳаммага ҳам насиб қилавермайди. Мазкур ҳолат ОТМдан фаолиятини мунтазам такомиллаштириш, таълим сифати устида тинимсиз бош қотириш, самарали, замон талабларига жавоб бера оладиган, эҳтиёж юқори бошқа йўналиш, мутахассисликлар бўйича трансформацияланиш имкониятига эга, олий малакали илмий-педагог кадрлар тайёрлашни тақозо этади.

Бу жараёнда ОТМ ўз йўналишидан келиб чиқиб, хориждаги етакчи университетларнинг илғор тажрибасини муттасил таҳлил қилиб бориши, маҳаллий шароитга мос келувчи янгиликларни ўзлаштириши, шунингдек, глобал таълим маконига мослашишга ҳаракат қилиши, самарали халқаро ҳамкорлик ўрнатиш бўйича истиқболли стратегияга эга бўлиши зарур.

Хўш, бизда аҳвол қандай?

Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси ҳамда Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясининг 47-мақсадида 2026 йилга қадар 10 та салоҳиятли ОТМни “Quacquarelli Symonds — QS” ва “Times Нigher Education — TНE” халқаро рейтинг агентликларининг нуфузли университетлари рўйхатига киришига мақсадли тайёрлаш кўзда тутилган.

Ўтган қисқа даврда мазкур йўналишда қилинган ишлар натижасида муайян ютуқларга эришилди. Жумладан, ўтган йили 12 октябрда Буюк Британиянинг нуфузли рейтинг ташкилоти — “Times Higher Education” агентлиги эълон қилган “Дунё олий таълим муассасалари рейтинги — 2023” (World University Rankings — 2023) рўйхатида юртимиздаги 18 та ОТМ даъвогар мақомида экани қайд қилинди.

Ўтган икки йилда етакчи ОТМларнинг 1000 талиги қаторидан жой олиш учун даъвогар олийгоҳларимиз сони 2021 йилдаги 10 тадан 2022 йилда 28 тага етди. Шунингдек, THE ташкилотининг “THE Impact Rankings” рейтингида 2021 йили 10 та, ўтган йилда эса 30 та олий таълим муассасамиз ўрин эгаллади. 2022 йили 8 ноябрда 23 давлатдан 760 университет иштирок этган QS “Осиё университетлари рейтинги” (Asia University Rankings — 2023) дан Ўзбекистоннинг 8 та олийгоҳи жой олди.

Мазкур рейтингда “ТИҚХММИ” Миллий тадқиқот университети ҳамда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети етакчи университетларнинг 500 талигига киритилди. QS рейтинг ташкилоти билан яқиндан олиб борилаётган тизимли чора-тадбирлар натижасида 2021 йилда ривожланаётган Европа ва Марказий Осиё давлатлари рейтингида илк бор мамлакатимизнинг 4 та олийгоҳи, ўтган йили мазкур ташкилотнинг “Фан соҳалари рейтинги” (Subject Rankings)да Мирзо Улуғбек номидаги  Ўзбекистон Миллий университети математика соҳасида эришган натижалари бўйича дунёнинг илғор 500 университети қаторидан (451500 ўрин) жой олди.

2023 йилда мазкур рўйхатдан юртимизнинг 2 та олий  таълим муассасаси 4 та фан соҳаси бўйича ўрин эгаллади. Президентимизнинг 2021 йил 19 майдаги “Ўзбекистон Республикасида хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш йўналишида кўрилган чора-тадбирлар натижасида Ўзбекистон Миллий университети “Замонавий тиллар” фан соҳасида “Quacquarelli Symonds — QS World University Rankings” халқаро рейтинг агентлигининг 2023 йил учун “Фан соҳалари рейтинги” (Subject Rankings)да 151-200-ўринни эгаллади.

Шу билан бирга, халқаро рейтинг агентликларининг нуфузли университетлар рўйхатига киришда ОТМнинг профессор-ўқитувчилари, талабалари ва тадқиқотчиларининг хорижий тилларни билиш даражаси асосий омиллардан саналади. Яъни халқаро рейтинг агентликларининг олийгоҳ фаолиятини баҳолашида “Scopus”, “Web of Science” ва бошқа халқаро нуфузли илмий-техник маълумотлар базалари маълумот манбаи вазифасини ўтайди.

Ўз навбатида, ОТМда амалга оширилаётган илмий тадқиқот натижаларини мазкур базаларда индексланувчи юқори импакт факторга эга илмий журналларда мақола шаклида нашр этишда хорижий тилларни мукаммал билиш зарурати мавжуд. Шунинг дек, халқаро илмий омма, коллаборациялар билан эркин мулоқотга кириша олишда ҳам чет тилни билиш муҳим ўрин тутади.

Президентимизнинг математика, кимё ва биология ҳамда физика соҳасидаги таълим сифатини ошириш ва илмий тадқиқотларни ривожлантиришга доир қарорлари самараси ўлароқ, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети математика фани соҳасида “Quacquarelli Symonds — QS World University Rankings” халқаро рейтинг агентлигининг 2023 йил учун “Фан соҳалари рейтинги” (Subject Rankings)да 351-400-ўринни, физика ва астрономия соҳасида 501-550-ўринни; “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари” Миллий тадқиқот университети атроф-муҳит тўғрисидаги фанлар соҳасида 351-400-ўринни, бундан ташқари, муҳандислик ва технология соҳаси бўйича рейтингда 451-500-ўринни ҳамда табиий фанлар бўйича 501-520-ўринни эгаллади.

Бошқа рейтинг агентликлари юритадиган дунё университетлари рўйхатида ҳам мамлакатимиз ОТМлари муносиб ўринларга эга. Жумладан, The Ranking Web “Webometrics” рейтинг тизими 2004 йилдан бошлаб фаолият юритади. Ҳозир 200 дан ортиқ давлатда жойлашган 31 минг ОТМ фаолиятини барча кўрсаткичлар бўйича баҳолайди. 2023 йил январь ойи ҳолатига кўра, мазкур рейтингда дунё олий таълим муассасалари орасида “ТИҚХММИ” Миллий тадқиқот университети 3624-ўринни, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети 3641-ўринни эгаллади.

“SCImago” (Scimago Lab) консалтинг компаниясининг ОТМлар илмий-тадқиқот, инновацион фаолият ва ижтимоий нуфузи кўрсаткичлари бўйича рейтингида жорий йил март ойи ҳолатига кўра, юртимиздаги 5 та ОТМ (“ТИҚХММИ” Миллий тадқиқот университети 330-ўринни; Тошкент давлат аграр университети 3601-ўринни; Тошкент давлат техника университети 4101-ўринни; Тошкент ахборот технологиялар университети 6182-ўринни; Ўзбекистон Миллий университети 7 364-ўринни) ўрин эгаллади. Шунингдек, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети “Round University Ranking — RUR” рейтингида 754-ўриндан жой олди.

Истиқболдаги режалар қандай?

Ҳозир Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан юртимиздаги олий таълим муассасаларини халқаро нуфузли рейтинг агентликлари университетлари рейтингига киритишга тайёрлаш йўналишида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 2026 йилга қадар 18 та салоҳиятли олий таълим муассасасини QS ва THE халқаро рейтингларига киритиш бўйича мақсадли дастур ишлаб чиқилди.

Дастурда мамлакатимиз олий таълим муассасаларини QS ва THE халқаро рейтингларига киритишга тайёрлаш юзасидан кенг кўламли аниқ чора-тадбирларни амалга ошириш белгиланган. Айни пайтда вазирликнинг таълим муассасалари фаолиятини таҳлил қилиш бошқармаси томонидан хорижий ташкилотлар экспертларини жалб қилган ҳолда, танлаб олинган ОТМларнинг мақсадли дастурида белгиланган кўрсаткичларга эришиш бўйича доимий семинар-тренинглар ташкил этиб келинмоқда.

Глобал муаммоларнинг рейтингга таъсири ўрганилмоқда

ОТМларнинг глобал рейтингини аниқлаш охирги 20 йилдан зиёд вақт мобайнида доимий муҳокамадаги масала сифатида дунё жамоатчилиги диққат марказидан тушмай келаётир. Рейтингни аниқлаш методлари ҳам ўзгармай сақланиб, ҳанузгача олиб борилаётган илмий тадқиқотлар ва таълим муассасасининг илмий соҳадаги мавқеи етакчи рейтингларнинг асосий мезони сифатида эътироф этилмоқда.

Коронавирус пандемияси ҳамда иқлим ўзгаришига доир глобал муаммолар олий таълим тизимига ҳам таъсир ўтказмоқда ва ОТМлар рейтингини аниқлаш жараёнида айрим жиҳатдан босимни юзага келтирмоқда. Яқинда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан халқаро рейтинг ташкилотлари, университетлар ҳамда манфаатдор томонларнинг институционал нотижорий уюшмаси — “Академик рейтинг ва мукаммаллик бўйича халқаро IREG обсерваторияси”нинг халқаро илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.

“Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” Миллий тадқиқот университетида “Рейтинглар ва университетларнинг халқаро мавқеи” мавзусида ташкил этилган анжуманда 40 дан ортиқ мамлакатдан келган ОТМ раҳбарлари ва олимлар, халқаро ташкилотлар мутасаддилари ҳамда экспертлар иштирок этди.

Конференцияда рейтингларнинг ижтимоий муаммолар ҳамда асосий глобал муаммоларга қаратилган кўрсаткичлар ва маълумотларни баҳолаш имконияти, жумладан, Марказий Осиёдаги университетларнинг глобал олий таълим тизимидаги мавқеини яхшилаш йўлидаги ҳаракатлари муҳокама қилинди.

Шунингдек, қатор мамлакатлар, жумладан, АҚШ, Бельгия, Бирлашган Араб Амирлиги, Германия, Индонезия, Испания, Ливан, Ливия, Нидерландия, Польша, Саудия Арабистони, Туркия каби давлатлардаги олий таълим тизими ва муассасалари раҳбарлари, турли халқаро ташкилотлар мутасаддилари ва мутахассислари глобал барқарор тараққиётни таъминлашда университетнинг ўрни, илм-фаннинг замонавий йўналишлари ва олимлар олдида турган асосий вазифалар, дунё рейтингларининг геосиёсий ўзгаришлар ва ижтимоий мақсадларга мослашувига доир муаммолар каби йўналишларда маъруза қилди.

Илгари сурилган таклифлар юзасидан қизғин муҳокамалар ўтказилди. Соҳадаги муаммоларни ҳал қилишда янги ғоя ва ёндашувлар таклиф этилди.