Пойтахтимиздаги “Wyndham Tashkent” меҳмонхонасида Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Вирусология илмий-тадқиқот институти, Республика ихтисослаштирилган эпидемиология, микробиология, юқумли ва паразитар касалликлар илмий-амалий тиббиёт маркази, Ўзбекистон гепатологлар уюшмаси томонидан “Тошкентда кузги гепатология мактаби” халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилди.
Тадбир халқаро аҳамиятга молик бўлиб, АҚШ, Россия, Швейцария, Италия, Германия, Украина, Ҳиндистон, Миср, Покистон, Озарбайжон ва Арманистондан таклиф этилган хорижлик нуфузли экспертлар иштирок этишмоқда. Иштирокчи ва меҳмонларни Ўзбекистон Президентининг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари кутиб олди.
Санитария-эпидемиология саломатлик ва соғлиқни сақлаш хизмати, ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари, тиббиёт академияси, юқумли касалликлар шифохонаси, поликлиника хизмати, тиббиёт муассасалари вакиллари, ихтисослашган тиббиёт мутахассислари анжуманни кузатиб бормоқда.
Конференцияда Тошкент тиббиёт академияси жамоаси ҳам муносиб қатнашмоқда. Жумладан, академиянинг жамоат саломатлиги ва менежмент кафедраси мудири Гулнора Худойқулова ҳамда кафедра ассистенти Малика Ходжаева иштирокини қайд этиш жоиз, дейилади ТТА ахборот хизмати хабарида.