Президентимизнинг 2019 йил 29 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонида мамлакатимизнинг 2030 йилга бориб PISA халқаро баҳолаш дастури рейтинги бўйича жаҳондаги 30 та илғор мамлакат қаторига кириши устувор вазифа этиб белгиланган. Бу ҳам мазкур тадқиқотда муваффақиятли иштирок этишга юқори даражада эътибор қаратилаётганидан далолат.
Бугунга қадар мамлакатимизнинг таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро тадқиқотларда иштирок этмагани мавжуд ҳолатни халқаро даражада баҳолаш, бошқа давлатлар билан таққослаш ва таҳлил қилиш имкониятини чеклаётган эди. 2018 йили Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ҳузурида Халқаро тадқиқотларни амалга ошириш миллий маркази ташкил қилинди. Марказ томонидан ўтган даврда Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD) ҳамда Таълимдаги ютуқларни баҳолаш халқаро ассоциацияси (IEA) билан келишувга эришилиб, юртимиз мактабларининг илк маротаба PISA, TALIS, PIRLS ва TIMSS халқаро дастурларида иштирок этишига замин тайёрланди.
Ўзбекистонда PISA — 2022 асосий синов жараёнининг рамзий очилиш маросимини бошлаш, мамлакатимизда таълим натижаларини баҳолаш борасида олиб борилаётган тадқиқот натижаларини кенг жамоатчилик ва халқаро ҳамжамиятга етказиш ҳамда истиқболдаги режаларни белгилаб олиш мақсадида Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти бош котибининг таълим сиёсати бўйича махсус маслаҳатчиси, PISA тадқиқоти асосчиси Андреас Шляйхер мамлакатимизда меҳмон бўлиб турибди.
— Ўқувчиларнинг таълимдаги ютуқларини баҳолаш бўйича халқаро PISA дастури энг мукаммал тадқиқотлардан ҳисобланади, — дейди Андреас Шляйхер. — PISA дастурига ўхшаш халқаро тадқиқотлар мамлакатларнинг бошқа мактаб тизимлари билан қиёслагандаги натижаларини акс эттирадиган ўзига хос кўзгу. У ўқитиш натижаларини яхшилашга халал бериши мумкин бўлган кўплаб омилларни илмий асосда аниқлаш ва бартараф этишга имкон яратиб, таълим тизимини муваффақиятли ислоҳ қилишга хизмат қилади.
PISA баҳолаш дастурининг мақсади ўқув муассасалари ва таълим сиёсатини белгилайдиган шахсларга синф, мактаб ва мамлакат чегарасидан ташқарига назар солишга кўмаклашишга қаратилган. Унинг тадқиқотларида юқори натижа кўрсатиш учун ўқувчилар фанлар чегарасидан чиқиб фикрлаши ва янгича вазиятда ўз билимини ижодий қўллай олиши лозим. Бу эса мамлакат таълими олдидаги муҳим ўтиш даври ҳисобланади. Зеро, давлатнинг иқтисодий барқарорлиги, аҳолининг яшаш сифати юксалиши бевосита бугунги таълим билан боғлиқ.
15-16 ёшли ўқувчиларнинг математик, табиий-илмий, ўқиш саводхонлиги ва креатив фикрлаш қобилиятини баҳолашга қаратилган ушбу тадқиқот жорий йил апрель-май ойларида халқаро ташкилот томонидан танлаб олинган мамлакатимизнинг турли ҳудудидаги 202 та мактабда компьютер ёрдамида ўтказилади. PISA тадқиқотлари ҳар бир мамлакатга ўзининг кучли ва заиф томонларини дунё таълим тизими билан қиёслаш имконини беради. Шунингдек, хорижий инвестицияларни жалб этади, яъни инвесторлар мамлакатда билимли, малакали кадрлар борми, деган саволга бу тадқиқот натижалари орқали жавоб топади.
— Ушбу тадқиқотлар орқали мамлакатимиздаги таълим тизими, муҳити, ўқувчиларнинг танқидий ва ижодий фикрлаши, эгаллаган билимини ҳаётда қўллай олиш қобилияти, ота-оналарнинг фарзанди таълимига эътибори ва уйда яратилган шароит бўйича атрофлича илмий асосланган ва ишончли маълумотлар олиш кўзланган, — дейди Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи Улуғбек Тошкенбоев. — Халқаро тадқиқотларда иштирок этиш бизга илғор таълим амалиётини кузатиш, инновацион ўқитиш сиёсати ҳамда амалиётини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш жараёни, умуман, ўрганишимиз мумкин бўлган кўпгина муваффақиятли мисоллар билан танишиш имконини ҳам беради.
Жаҳон банки таҳлилларига кўра, Ўзбекистон Республикаси умумий ўрта таълим муассасаларида ўтказилган баҳолаш натижалари 474 баллни ташкил этган ва 0,61 индекс кўрсаткичи билан 174 та давлат орасида 57-ўринда.
Бугун янгиланиш ва ислоҳотлар йўлидан дадил бораётган Янги Ўзбекистон билан таълим соҳасидаги етакчи халқаро ташкилотлар ўртасида ўзаро амалий ҳамкорлик ўрнатиш, мактабларимизда замонавий ўқитиш методларини жорий этиш ҳамда юртимизнинг халқаро рейтинглардаги ўрнини мустаҳкамлаш келгусида мамлакатимизга хорижий инвестиция оқимининг ошишида муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Рисолат МАДИЕВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири