Фестивалнинг иккинчи куни, бугун, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида соат ўнда бошланди. Тадбирлар доирасида, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти “Музейшунослик” кафедрасининг “Очилмаган синоат билан юзма-юз” фото кўргазмасининг очилиш маросими ҳам бўлиб ўтади
Икуо Хираяма халқаро маданият карвон саройи, Тошкент фотосуратлар уйида эса маҳорат дарслари, кўргазмалар ўтказилади.
Республика ихтисослаштирилган дизайн мактаби ўқувчиларнинг замонавий ва анъанавий либослар намойиши ҳамда Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти “Дастгоҳли рангтасвир” кафедрасида маҳорат сабоқлари ҳам тадбир доирасида бўлиб ўтади. Дарсларни Ўзбекистон Бадиий академиясининг ҳақиқий аъзолари Ўзбекистон халқ рассомлари, профессорлар Ж.Умарбеков ва А.Икромжонов ўтади.
Ўзбекистон тасвирий санъат галериясида, И.В.Савицкий номидаги Қорқалпоғистон Республикаси Давлат санъат музейи ва Ўзбекистон Бадиий Академиясининг Қорқалпоғистон бўлими билан ҳамкорликда "Менинг она диёрим - менинг Қорақалпоғистоним" деб номланган кўргазма билан фестивалнинг иккинчи кунидаги тадбирлар ўз якунига етади.
Эртага, яъни фестивалнинг учинчи кунида, янада қизиқарли, бадиий тадбирлар, ижодий учрашувлар, маҳорат дарслари ва би рқатор кўнгилочар дастурлар намойиши бўлиб ўтиши кўзда тутилмоқда.
Гуличеҳра ДУРДИЕВА,
"Янги Ўзбекистон" мухбири