Ишчи гуруҳ мажлисида сенаторлар, экспертлар, мутахассислар, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари доимий комиссия раислари, Ёшлар парламенти ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Муҳокамада Қўмита экспертлари томонидан минтақавий ва халқаро даражаларда қонунчилик бирхиллаштирилаётган шароитларда ҳам миллий, ҳам халқаро даражаларда бозор муносабатларининг асосий элементларидан бири ҳисобланган халқаро арбитраж тижорат низоларини ҳал этишнинг муқобил, суддан ташқари шакли фаоллашаётгани таъкидланди.

Ушбу соҳада низоларни кўришда хўжалик юритувчи субъектларнинг сарф харажатларини қисқартириш, арбитраж ҳал қилув қарорларини тан олиш ва ижро этиш механизмларини белгилаш ва шу асосда халқаро шартномаларнинг низоли масалаларини ҳал қилишда мамлакатнинг минтақадаги обрўсини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси «Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида»ги Қонуни ишлаб чиқилиб, унга кўра Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига ҳамда «Давлат божи тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилаётганлиги қайд этилди.

Мажлисда таъкидланганидек, Иқтисодий процессуал кодекс арбитраж муҳокамаси билан боғлиқ ишларни иқтисодий судлар судловига киритишни ҳамда арбитраж муҳокамасининг тарафларидан бири чет эллик шахс – Ўзбекистон Республикасининг норезиденти бўлиши муносабати билан арбитраж муҳокамаси билан боғлиқ ишларни кўриб чиқишни вилоят даражасидаги судларнинг судловига киритишни, арбитраж судида кўрилаётган даъво бўйича иқтисодий суд томонидан таъминлаш чораларини кўриш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш тартибини, аризани кўриб чиқиш натижалари бўйича иқтисодий суд томонидан кўрилган таъминлаш чораларини бекор қилиш учун аниқ асослар белгиланган янги нормалар билан тўлдириляпти.

Бундан ташқари, «Давлат божи тўғрисида»ги Қонунга арбитраж ҳал қилув қарори юзасидан низолашиш тўғрисидаги аризалар юзасидан тўланадиган давлат божи ундириш асоси ва миқдорини белгилаган ҳолда қўшимчалар киритилмоқда.

Тадбир иштирокчилари мазкур Қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши халқаро арбитраж билан боғлиқ халқаро нормаларнинг миллий қонунчилигимиз билан мослаштирилишига хизмат қилишини қайд этдилар.

Мажлис якунида экспертларнинг ушбу Қонун бўйича тавсиялари тайёрланиб, Сенатнинг суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасига тақдим этилди, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати.